ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

“Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасига шай...ми?

“Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасига шай...ми?

Хабарингиз бор, эртага Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидан ўрин олган “Пахтакор” ҳамда Ироқнинг “Эйр Форс” жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Ўйинолди ташкил этилган матбуот анжуманида “шерлар” жамоаси устози Шота Арвеладзе ҳамда ҳимоячи Егор Кримец қатнашди.

- Эртага жамоамиз мавсумдаги илк расмий ўйинини ўтказади, ўз уйимизда ўтадиган муҳим баҳс. Об-ҳаво ҳам эртага яхши бўлиши кутилмоқда. Мухлисларимиз қаршисида чиройли ўйин кўрсатишни хоҳлаймиз, - дея ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди Шота Арвеладзе.

Егор Кримец: Янги футбол мавсуми бошланаётганлиги билан барчани табриклайман. Ўйлайманки, янги мавсум аввалгисидан муваффақиятли бўлади. Кўпроқ ғалабалар ва совринларни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Биз Осиё қитъасидаги энг нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичига йўлланма олишни жуда хоҳлаймиз. Эртага бизни жуда қизиқарли кечадиган ва яхши ўйин кутмоқда. Албатта, жамоа зўр ўйнаб турган пайтда ҳам ўйин борасида камчиликлар бўлиб туради. Биз янги мавсумда имкон қадар камроқ хатога йўл қўйиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Осиёда энг яхши бўлишга ҳаракат қиламиз.

- Рақиб жамоани қанчалик ўргандингиз? Уларнинг кучли тарафлари нимада?

- Албатта, рақибни чуқур ўрганиб чиқдик, таҳлил қилдик. “Эйр Форс” яхши футбол намойиш этадиган жамоа. Улар бежизга охирги уч йилдан буён ОФК кубогида зафар қучишаётгани йўқ. Жамоа айниқса стандарт вазиятларда жуда хавфли. Мазкур ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Биласиз, биз янги мавсумга тараддуд жараёнида бир қанча муаммоларга дуч келдик. Чунки терма жамоага аъзо кўплаб футболчиларимиз сафга кеч қайтишди. Лекин биз эртанги ўйиндан жуда кўп нарса кутяпмиз.

- Айни пайтда мураббий сифатида сизни кўпроқ нима безовта қилмоқда?

- Мураббийни биринчи навбатда жароҳатлар безовта қилади. Бу доим оғриқли бўлиб келган. Айни пайтда Комилов, Собирхўжаев ва Симич жароҳатланишган. Иккинчи безовта қилаётган жиҳат, мавсумга қадар ўзимиз истагандек 7-8та назорат учрашуви ўтказолмадик. Чунки, Осиё кубоги пайтида жамоа таркиби тўлиқ кўринишда эмасди. Жамоада ўйин амалиёти ва футболчилар бир-бирини янада яхшироқ тушуниб олиши учун мазкур баҳс жуда муҳим. Ҳозирда ана шу жиҳат мени кўпроқ ташвишга солмоқда. Бироқ кўплаб футболчилар ўзаро таниш ва терма жамоаларда ҳам бирга ўйнашган. Ўйлайманки, бу муаммо туғдирмайди.

ALM_3024-2208x1472.JPG

Таркибга келадиган бўлсам, доим биз истаган футболчиларни қўлга кирита олмаймиз. Аммо бу сафар ўзимиз хоҳлаган кўплаб харидларни амалга оширдик. Янги мавсумда таркибимизда кучли рақобат вужудга келади. Барчага ўзини кўрсатиш учун имконият тақдим этилади. Мураббий доим энг кўпини ва максимум трансферларни истайди. Бу галги селекция учун клуб раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Легионерлар масаласига тўхталсам, ўтган йилги харидлар ҳам ёмон бўлмаган. Ўтган йили чемпионатда энг яхши тўпурар ва энг яхши футболчи айнан “Пахтакор” аъзоси бразилиялик Тиаго Безерра бўлди. Исмоил Гонсалвеш ҳам оз гол урмади. Лекин бу йилдан кўпроқ урғуни маҳаллий футболчиларга қаратдик. Легионер масаласи анча нозик. Ўзимиз истаган легионерлар билан келишувга эришиш қийин. Трансфер олами шунақа, баъзан ўхшайди, баъзида йўқ. Шунингдек, улар оз пулга бу ерга келишмайди. Шу боисдан ҳам биз кўпроқ маҳаллий иқтидорларга эътибор қаратдик.

Масалан Одил Аҳмедовни ҳам олиб келмоқчи бўлгандик. Шахсан ўзим Аҳмедов билан 2-3 марта учрашдим. Лекин баъзи масалалар бўйича келишувга эришолмадик. Нимадир ўхшайди, нимадир эса ўхшамайди. Биз эса “Пахтакор”да доимо энг яхшилар ўйнашини истаймиз. Лекин ҳар доим ҳам биз хоҳлаган иш бўлавермайди.

- Агар эртага асосий вақтда ғолиб аниқланмаса, жамоанинг жисмоний ҳолати 120 дақиқа футбол ўйнашга дош берадими?

- Таркибдаги футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхши. Осиё кубогида иштирок этиб қайтган футболчилар ҳам вазият тақозо этса 120 дақиқа футбол ўйнашга шай.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Эйр Форс” бош мураббийи Босим Қосим ҳамда жамоа сардори Саад Нотиқлар иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди.

ALM_3035-2208x1472.JPG

- “Пахтакор” жамоаси билан бўладиган учрашувга имкон қадар яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. Аммо бизда миллий чемпионат айни қизғин паллада ва алоҳида бир ўйинга жиддий тайёрланиш қийин. Охирги икки учрашувда яхши савиядаги жамоалар билан дуранг ўйнадик. Бироқ, эртага уч нафар футболчимиз – ярим ҳимоячилар Али Ҳусни, Набил Каррар ва дарвозабон Амжад Раҳим жароҳати боис майдонга тушолмайди, - деди Босим Қосим.

- Эртанги учрашув олдидан барча футболчиларнинг кайфияти жуда яхши. Бизга халал бериши мумкин бўлган ягона жиҳат – уч нафар футболчимизнинг ўйнамаслигидир. Биз “Пахтакор”ни яхши савиядаги футболчиларга эга жамоа сифатида биламиз, - деди Саад Нотиқ ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашаркан.

- Ўзбекистон клублари ёки терма жамоаларига қарши ўйнаганмисиз? Ўзбек футболи ҳақида қандай фикрдасиз?

ALM_3042-2208x1472.JPG

- 2005 йилда айнан шу стадионда “Ал Завра” клуби сафида “Пахтакор”га қарши тўп тепганман ва ўшанда биз 1:2 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Ўйинга ҳозирлик кўриш асносида рақибни имкон қадар ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдик. Жамоа сафида кўплаб тажрибали футболчилар бор. Қолаверса “Пахтакор”ни кучли мутахассис бошқармоқда. Рақибнинг чап қанот ярим ҳимоя чизиғи жуда кучли. Бундан ташқари, жамоа сардори ҳам кучли футболчи.

- Эртага стадионда “Пахтакор”ни кўп сонли мухлислар қўллаб-қувватлаши “Эйр Форс” ўйинига таъсир қилмайдими?

- Тўғри, биз сафарда ўйнаймиз. Бироқ, яхши ўйин кўрсатиб, қаерда бўлса ҳам бизни қўллаб турган мухлисларимизни хурсанд қилишга интиламиз. 2005 йилда “Пахтакор” стадиони деярли тўлганди. Эртага ҳам кўплаб мухлислар келишини кутаяпман. Фақат биз ғалаба қозонсак улар хафа бўлишмасин.

6 075
Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА