ЎзА Ўзбек

15.11.2019 Чоп этиш версияси

От спорти бўйича халқаро мусобақада Миллий гвардия чавандозлари ғолиб

От спорти бўйича халқаро мусобақада Миллий гвардия чавандозлари ғолиб

Испаниянинг Валенсия шаҳрида от спортининг “конкур” йўналиши бўйича навбатдаги халқаро мусобақа давом этмоқда.

Мазкур нуфузли беллашувнинг дастлабки кунида Осиё ва Европанинг етакчи чавандозлари ўртасида кечган баҳслар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаби чавандозлари учун муваффақиятли якунланди.

Бир нечта йўналишда бўлиб ўтаётган мусобақанинг баландлиги 1 метр 40 сантиметр бўлган тўсиқлардан ўтиш беллашувида маҳоратли ёш чавандоз С.Турғунбоев, 1 метр 20 сантиметр баландликдаги тўсиқларда кечган баҳсларида эса тажрибали чавандоз А.Толлибоев энг яхши натижани қайд этиб, халқаро мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.

2.jpg

Спортчиларимизнинг мазкур ютуғи натижасида Валенсия шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси икки маротаба жаранглаб, давлатимиз байроғи юксакларга кўтарилди.

Мусобақалар жорий йилнинг 17 ноябрь кунига қадар давом этади.

2 263
ЎзА