ЎзА Ўзбек

07.08.2018 17:08 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинларида 232 нафар ўзбекистонлик спортчи спортнинг 30 тури бўйича баҳслашади

Осиё ўйинларида 232 нафар ўзбекистонлик спортчи спортнинг 30 тури бўйича баҳслашади

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ – 2018

Жорий йилнинг 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинларида 232 нафар спортчимиз спортнинг 30 тури бўйича ғолиблик учун баҳслашади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мазкур мусобақада иштирок этадиган спортчиларни расмий кузатиш маросими ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари мутасаддилари, мураббийлар, спорт жамоатчилиги иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишга доимий эътибор қаратилаётгани, бунинг самарасида жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларнинг янги авлоди вояга етаётганини таъкидлади.

Осиё ўйинларида 1994 йилдан буён мунтазам қатнашаётган Ўзбекистон спортчилари ҳақли равишда кучлилар қаторидан ўрин олиб келмоқда.

Буни ўтган йиллар давомида спортчиларимизнинг мазкур мусобақадаги ғалабали одимларида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, 1994 йили Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган XII Осиё ўйинларида илк маротаба иштирок этган мамлакатимиз спортчилари 11 олтин, 12 кумуш ва 19 бронза медали билан 42 давлат вакиллари ўртасида умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллаган эди. 1998 йили Таиланднинг Бангкок шаҳридаги XIII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 6 олтин, 23 кумуш ва 15 бронза, тўрт йилдан сўнг Пусан шаҳрида (Жанубий Корея) ташкил этилган Осиё ўйинларида 15 олтин, 12 кумуш ва 24 бронза медаль жамғарди. 2006 йили Қатар пойтахти Доҳа шаҳри мезбонлик қилган XV ёзги Осиё ўйинларида вакилларимиз 11 олтин, 14 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган XVI қитъа ўйинларида 11 олтин, 22 кумуш, 23 бронза, 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтган XVII ёзги Осиё ўйинларида 9 олтин, 14 кумуш ва 22 бронза, жами 45 медалга сазовор бўлди. 

Спортчиларимиз навбатдаги Осиё ўйинларида ҳам муносиб иштирок этишга астойдил бел боғлаган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги қарори бу борадаги ишларни изчил, тизимли ва янгича асосда йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мухтасар айтганда, ўн саккизинчи маротаба ўтказилаётган Осиё ўйинларида вакилларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш учун ўз маҳорати, тажриба ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишига шак-шубҳа йўқ.

– Осиё ўйинларига жиддий тайёргарлик кўришимиз учун барча шароит яратиб берилди, – дейди теннис бўйича халқаро турнирлар ғолиби Нигина Абдураимова. – Биз, спортчилар ҳафтасига олти кун ташкил этилган жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик машқларида иштирок этаяпмиз. XVIII ёзги Осиё ўйинларида юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга астойдил ҳаракат қиламиз.

Маросим доирасида Ўзбекистон спорт делегацияси учун янги либослар топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ушбу спорт экипировкалар Хитойнинг "QIERTE Co.Ltd" компанияси "PRES-JOG" бренди томонидан тақдим этилди.

XVIII ёзги Осиё ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон делегациясининг байроқдори этиб тайинланган бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Исроил Мадримов тадбирда сўзга чиқиб, барчага омад ёр бўлишини тилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
7 628