ЎзА Ўзбек

19.08.2018 08:55 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари тарихига назар

Осиё ўйинлари тарихига назар

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ҳисоб бўйича XVIII Осиё ўйинлари тантанали очилди.

Шу ўринда Осиё ўйинлари тарихига назар ташласак.

Мазкур беллашувларга 1951 йилда асос солинган. Мусобақа Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ташкил этилиб, унда фақатгина сариқ қитъа атлетлари ўзаро баҳслашади. Бу ерда ҳам худди замонавий олимпия ўйинларида бўлгани каби ғолиб спортчилар олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланишади. Ушбу беллашувларнинг ўтказилишига Узоқ шарқ ўйинлари асос бўлиб хизмат қилган, десак хато бўлмайди. Олис 1913 йилда Япония, Филиппин ҳамда Хитой атлетлари Манилада ўзларининг илк бирдамлик ўйинларида ғолиблик учун баҳс олиб боришган. Узоқ шарқнинг бошқа давлатлари эса кейинроқ ушбу мусобақага қўшилган. Аммо, иккинчи жаҳон уруши бошлангач бу ўйинлар тўхтаб қолади.

Иккинчи жаҳон уруши тугагач Осиёнинг кўплаб давлатлари мустақилликка эришади. 1948 йил Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган XIV ёзги олимпия ўйинлари вақтида Осиё қитъаси вакиллари ўзларининг мусобақасини ўтказиш борасида келишиб олишади ва ниҳоят 1951 йил Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида тарихий Осиё ўйинлари ўтказилади. Унда атиги 11 та давлат атлетлари ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Аммо йилдан йилга мусобақанинг нуфузи ортади ва табиийки, унда иштирок этувчи мамлакатлар, шу билан бирга спортчилар сони ҳам ўсиб боради. 1954 йилдан эса Осиё ўйинлари ҳар тўрт йилда ўтказиладиган бўлди, худди олимпия ўйинлари каби.

1990 йил Хитойнинг Пекин шаҳри мезбонлик қилган ҳисоб бўйича XI Осиё ўйинларида илк бор иштирокчи давлатлар сони 30 дан ортади. 1991 йилда собиқ Иттифоқ парчаланади ва Осиё Олимпия кенгаши Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари ҳисобига кенгаяди ва ушбу мамлакатларнинг атлетлари 1994 йил Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган XII Осиё ўйинларига таклифнома олишади. Ўша йилги мусобақаларда илк бор иштирокчи давлатлар сони 42 тани ташкил этади ва бу кўрсаткич бугунги кунда 45 тага етган.

Шу кунга қадар ўтказилган Осиё ўйинларига сариқ қитъанинг 9 та давлати мезбонлик қилган. Булар Ҳиндистон, Филиппин, Япония, Индонезия, Тайланд, Эрон, Жанубий Корея, Хитой ҳамда Қатар давлатларидир. Тайланднинг Бангкок шаҳри эса беллашувларни тўрт марта қабул қилган ва бу борада мутлақ рекордчи саналади.

Шуниси қувонарлики, Марказий Осиё вакиллари Осиё ўйинларида йўқолиб қолишгани йўқ. Чунончи, Хиросимада ўтказилган беллашувларда Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари норасмий умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олишган бўлса, мамлакатимиз чарм тўп усталари Япония яшил майдонларида барча рақибларини мағлуб этган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олишган эди. Умид қиламизки, бу галги мусобақаларда ҳам Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мухлислари ишончини оқлашади.


Отабек Эшмаматов тайёрлади

ЎзА
9 099