Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2018 19:05 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари: Бугуннинг энг яхши натижалари

Осиё ўйинлари: Бугуннинг энг яхши натижалари
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтаётган 18-Осиё ўйинларининг учинчи куни ҳам ўз якунига етди. Бугун Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Куннинг салмоқли натижалари билан таништириб ўтамиз:

Таэквондо мусобақасида икки ҳамюртимиз – Дмитрий Шокин кумуш, Светлана Осипова бронза медалини қўлга киритди.

***

Оғир атлетика бўйича иштирок этган ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев даст кўтаришда 136 кг, силтаб кўтаришда 162 кг тошни кўтарди ва 298 кг натижа билан учинчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлди.

***

Академик эшкак эшиш спорт тури бўйича бугун яккалик, икки ва тўрт кишидан иборат эшкак эшувчиларимиз ярим финал баҳсида иштирок этишди. Жасурбек Мавлонов якка қайиқда умумий бешинчи натижа билан B финалида иштирок этадиган бўлди. Шаҳбоз Холмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборовдан иборат икки кишилик гуруҳ эса 2000 метр масофани 7 дақиқа 05.19 сонияда босиб ўтиб, финалга йўл олишди. Зафар Усмонов, Ислом Мамбетназаров, Шеҳроз Ҳакимов ва Отамурод Раҳимовдан иборат тўрт кишилик қайиқдаги спортчиларимиз маррага биринчи бўлиб етиб келишди ва финал учун йўлланмани нақд қилишди.

***

Каноэчиларимиз Алибек Темиргалиев ва Абубакир Буканов финалга чиқишди. Темиргалиев саралашда иккинчи, Буканов эса ўнинчи натижани кўрсатди. Финал 22 август куни бўлиб ўтади.

***

Слаломда эшкак эшиш бўйича саралаш бахсларида Рамил Кирпичев ва Жонибек Темиргалиев иштирок этишди. Темиргалиев 10, Кирпичев 13-ўринни олиб финалга чиқишди.

***

9 645