ЎзА Ўзбек

01.09.2018 14:28 Чоп этиш версияси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. Байдарка ва каноэчиларимиздан ҳам медаллар шодаси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. Байдарка ва каноэчиларимиздан ҳам медаллар шодаси
XVIII ёзги Осиё ўйинларининг ўн тўртинчи кунги беллашувларида байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт усталари ҳам сўнгги медаллар шодасини қўлга киритиш учун баҳс олиб боришди. Бизни қувонтирадигани, ҳамюртларимиз ушбу спорт турида бир қанча медалларга эга чиқишди.

Жумладан, 200 метр масофага ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Дилноза Раҳматова маррага учинчи бўлиб етиб борди ва бронза медалини қўлга киритди. Ундан олдинги ўринлар эса мос равишда Хитой ва Индонезия спортчиларига насиб этди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 200 метр масофага жуфтликлар ўртасида ўтказилган баҳсларда терма жамоамиз аъзолари Артур Гулиев ва Элёржон Мамадалиев тандеми эса кумуш медалга эга чиқишди. Улар хитойлик жуфтликдан атиги 0,14 сонияга ортда қолишди.

Ушбу спорт турида Екатерина Шубина – Юлия Борзова тандеми ҳам 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда хитойлик рақибларига ютқазиб қўйишди. Умуман, байдарка ва каноэда эшкак эшиш спортида аксарият олтин медалларни Хитой терма жамоаси қўлга киритди.

Ниҳоят эшкак эшиш мусобааларида Казанцева, Борзова, Шубина, Кочнева тўртлиги 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда маррага учинчи бўлиб етиб боришди ва Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига яна бир бронза медалини қўшиб қўйишди.

ЎзА
6 187