ЎзА Ўзбек

31.08.2018 16:13 Чоп этиш версияси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. Айни пайтда 4 нафар боксчимиз финалда, яна уч нафари ярим финалда рингга чиқади

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. Айни пайтда 4 нафар боксчимиз финалда, яна уч нафари ярим финалда рингга чиқади
Индонезияда қизғин давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг сўнгги кунлари ҳам Ўзбекистон спорт делегацияси учун муваффақиятли кечмоқда. 

Айниқса, бокс йўналишида терма жамоамиз аъзолари ўз ғалабалари билан мухлису-мутахассисларни ҳайратлантиришда давом этишяпти. Бугун мусобақа дастуридан ўрин олган ярим финал жанглари ўтказилиб, барча финалчилар аниқланади. Қувонарлиси, барча вазн тоифаларида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари олтин медал сари юришини давом эттиришмоқда.

Жумладан, 52 килогача бўлган вазн тоифасида ҳамюртимиз Жасурбек Латипов финал йўлланмаси учун қирғизистонлик Азат Усеналиевга қарши рингга кўтарилди ва қизиқарли кечган жангда рақибини 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Энди у финалда филиппинлик Рожен Ладон билан куч синашади.

60 килогача бўлган вазнли боксчилар ўртасидаги жангларда терма жамоамиз аъзоси Шунқор Абдурасулов ярим финалда тайландлик Ражакран Жантронгга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 5:0. У олтин медал йўлида Мўғулистон вакили Чендбатар Эрденебатга қарши рингга чиқади.

69 килогача бўлган вазн тоифасида Олимпия ўйинлари совриндори Шахрам Ғиёсов бу сафар ўз ўрнини ёш жамоадоши Бобо Усмон Ботировга бўшатиб берди. Ўз навбатида Бобо Усмон ҳам Ғиёсовнинг ўрнини билдирмасликка астойдил ҳаракат қилмоқда ва ҳозирча бунинг уддасидан чиқяпти ҳам. Чунончи, ҳамюртимиз ярим финалда Тайланд терма жамоаси аъзоси Сайлом Арде устидан 4:1 ҳисобида зафар қучди. Энди у ҳал қилувчи баҳсда қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновга қарши рингга кўтарилади.

Ҳасанбой Дўсматов (49 кг) хитойлик рақибини мағлубиятга учратиб, финалга йўлланма олди.

Бугун кечки дастурда терма жамоамиз аъзоларидан Миразиз Мирзаҳалилов (56 кг), Иқболжон Холдоров (64 кг) ҳамда терма жамоамиз сардори Исроил Мадримов (75 кг) ҳам ярим финал жангларида рингга кўтарилади.

ЎзА
3 234