ЎзА Ўзбек

18.08.2018 14:06 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018: Яна бир неча дақиқалардан сўнг...

Осиё ўйинлари-2018: Яна бир неча дақиқалардан сўнг...
Индонезияда XVIII Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бошланади.

Тошкент вақти билан соат 16:08да бошланадиган очилиш маросимида иштирокчи мамлакатлар вакиллари ўз байроқлари билан стадион бўйлаб чиқиш қилишади. Ўзбекистон спорт делегациясида боксчи, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори Исроил Мадримов байроқдор вазифасини бажаради.

Мусобақада 15000 нафарга яқин спортчи ва расмий шахслар 40та спорт тури бўйича 67та йўналишда баҳсларга киришади ва унда 465та медаль жамланмаси ўйналади. Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтадиган спорт ўйинларини 5000 нафардан зиёд оммавий ахборот воситалари бевосита воқеа жойидан ёритиб борадилар. Бу галги қитъа ўйинларида Ўзбекистондан ҳам 20 нафар журналист иштирок этишмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари ўз тарихида илк маротаба икки шаҳарда (Жакарта ва Палембанг) ўтказилмоқда.

Хабарингиз бор, расмий мусобақада вакилларимизнинг айримлари ўз иштирокларини бошлаб юборишган. Футболчиларимиз бир эмас, иккита ўйин ўтказишиб (Бангладеш ва Қатар термасини мағлубиятга учратган), муддатидан олдин навбатдаги босқич масаласини ҳал этиб бўлган. Асосий мусобақаларга эса эртага старт берилади. Унда биринчилардан бўлиб сузиш, эркин кураш, ушу, ўқ отиш, академик эшкак эшиш, теннис ҳамда қиличбозлик бўйича баҳсларда спортчиларимиз ўз имкониятларини синовдан ўтказишади.

Ойбек Юнусов, ЎзА
11 028