ЎзА Ўзбек

23.08.2018 14:21 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Сенсация юз бермади, Маннопова кумуш медал соҳиби

Осиё ўйинлари-2018. Сенсация юз бермади, Маннопова кумуш медал соҳиби

Осиё ўйинлари-2018 дастуридаги таэквандо бўйича аёллар ўртасида 49 килогача бўлган вазн тоифасидаги беллашувлар ҳам ўз якунига етди.

Ҳал қилувчи баҳсда ҳамюртимиз Мадина Маннопова тайландлик таниқли спортчи, Рио олимпиадаси совриндори, икки карра жаҳон ва Осиё чемпиони, ёшлар олимпиадаси ғолиби Панипак Вонгпаттанакитга қарши даянга чиқди.

Шуни таъкидлаш керак, бунгача ўзи иштирок этган деярли барча мусобақаларда ғолиб чиққан Тайланд терма жамоаси аъзоси бундан тўрт йил муқаддам Инчхон майдонларида ҳам олтин медалга сазовор бўлганди. Ва бу сафар ҳам Панипак фаворит мақомини оқлади. Гарчи юртдошларимиз Мадинабонунинг ғалабасини қанчалик ҳохлашмаган бўлмасин, афсуски Осиё ўйинларида сенсация кузатилмади. Финал баҳси кутилганидек Панипак Вонгпаттанакитнинг катта устунлигида ўтди ва Тайланд терма жамоаси аъзоси ўз ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди. Мамлакатимиз спорт делегацияси эса ўз кумуш медаллари сонини 7тага етказиб олган ҳолда норасмий умумжамоа ҳисобида ҳамон 8-ўринни эгаллаб турибди.


ЎзА
3 945