Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.08.2018 19:00 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Курашчиларимиздан навбатдаги олтин

Осиё ўйинлари-2018. Курашчиларимиздан навбатдаги олтин
Шу кунларда спорт ихлосмандларининг нигоҳи Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларига қаратилган, десак адашмаймиз. Зеро қитъамизнинг энг сара атлетлари жамулжам бўлишган ҳисоб бўйича 18-Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этишяпти.

Мусобақанинг ўнинчи кунига келиб Ўзбекистон спорт делегацияси томонидан қўлга киритилган олтин медаллар сони 10тадан ошиб кетди. Жумладан, бугунги беллашувларда кураш бўйича аёллар ўртасида 63 килогача бўлган вазн тоифасидаги баҳсларда ҳамюртимиз Дилдор Шерматова шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Шу кунгача Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати (2017 йил) ҳамда ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари(Ашхобод, 2017 йил)да ғалаба қозонган спортчимиз ўз шахсий коллекциясини ёзги Осиё ўйинларининг олтин медали билан бойитди.

У аввалига филиппинлик рақибаси устидан соф ғалабага эришди. Иккинчи даврада эса Дилдор афғонистонлик Нафиса Аҳмадийга ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади. Чорак финал доирасида Хитой Тайпейи вакиласи Хуанг Шиханнинг анча жиддий қаршилигига дуч келган ҳамюртимиз ярим финалда мезбон курашчи Шифа Ҳасаний устидан ҳам ишончли ғалабага эришди. Ва ниҳоят финалда Дилдор Шерматова Мўғулистон вакиласи Басанжаргал Байарбатни 3-0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа ўзбек кураши усталари Осиё ўйинларида терма жамоамиз ҳисобига ўзларининг тўртинчи олтин медалини қўшиб қўйишди. Ушбу вазн тоифасида гиламга чиққан яна бир вакиламиз Мухлиса Абдумаликова эса бронза медалига сазовор бўлди.

ЎзА
5 270