ЎзА Ўзбек

28.08.2018 18:55 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Курашчиларимиздан медаллар шодаси

Осиё ўйинлари-2018. Курашчиларимиздан медаллар шодаси Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг бугунги мусобақалари Ўзбекистон спорт делегацияси учун баракали бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Бугун спортнинг бир қатор йўналишларида ҳамюртларимиз ўз омадини синовдан ўтказишди ва қувонарлиси, атлетларимиз ажойиб ғалабалари билан мухлисларига бир олам қувонч улашди.
Бугун Осиё ўйинлари дастурида Ватанимиз шарафини енгил атлетика мусобақаларида Нигина Шарипова, Екатерина Воронина ҳамда Ситора Ҳамидова, бадиий гимнастиканинг яккалик баҳсларида Сабина Тошкенбоева ҳамда Нуринисо Усмонова, бокс рингларида Жасурбек Латипов, Шунқор Абдурасулов ва Бобоусмон Батуров, шунингдек от спорти терма жамоамиз ва ниҳоят миллий курашимиз усталари ҳимоя қилишди.
28 август кунги беллашувлар доирасида кўпчиликнинг эътибори айнан кураш мусобақаларига қаратилган эди, десак хато бўлмайди. Боиси, бу бизнинг миллий спортимиз ва унда полвонларимизнинг ғолиб чиқиш имкониятлари анча юқори. Амалда ҳам шундай бўлди. Эркаклар ўртасидаги беллашувларда иштирокчилар 2 та вазн, аёллар эса битта вазн тоифасида ғолиблик учун бел олишди. Бугунги беллашувларда ватанимиз шарафини олти нафар полвонимиз ҳимоя қилди. Аҳамиятлиси, қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида терма жамоамиз аъзоларининг барчаси совриндорлар сафидан жой олди, улар учта олтин, битта кумуш ва иккита бронза, жами олтита медалга сазовор бўлишди.
Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда 66 килогача бўлган вазнда Маъруф Ғайбуллаев ҳамда 90 килогача вазн тоифасида Муҳсин Ҳисомиддиновлар олтин, Руслан Бўриев кумуш ва яна бир оғир вазнли полвонимиз Нурбек Тўраев бронза медалини қўлга киритишди. Аёллар ўртасида кечган беллашувларда эса 52 килогача бўлган вазн тоифасида Гулнор Сулаймонова олтин ва худди шу вазнда Ойсулув Абдумажидова бронза медали билан тақдирланишди. Ушбу муваффақиятлардан сўнг мамлакатимиз спорт делегациясидаги жами медаллар сони 38 тага етди. Шундан 9 таси олтин, 15 та кумуш ва 14 та бронза медалларидир ва бу натижа билан Ўзбекистон терма жамоаси норасмий умумжамоа ҳисобида 9-ўринга кўтарилиб олишди.
Эртага полвонларимиз қолган вазн тоифаларида ҳам ғолиблик учун гиламга чиқишади. Биз бўлажак мусобақаларда спортчиларимизга омад тилаймиз.

ЎзА
7 086