Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.08.2018 16:57 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Футбол: Терма жамоамиз чорак финалда тўхтади

Осиё ўйинлари-2018. Футбол: Терма жамоамиз чорак финалда тўхтади

Осиё ўйинларининг ҳамюртларимиз иштирокидаги футбол мусобақасида борар манзилимиз чорак финал бўлди.

Ҳозиргина якунига етган Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги учрашувда ғолиб қўшимча вақтларда аниқланди. 90 дақиқалик асосий вақтда 3:3 ҳисоби қайд этилгач, бош ҳакам қўшимча вақт белгилади. Бу вақтга келиб футболчиларимизда жисмонан чарчоқ аломатлари сезилиб турганди ва бу уларнинг хатти-ҳаракатида ўз аксини топди. Аввалига Икром Алибоев йўқ жойдан ўзига иккинчи сариқ карточка “ишлаб олди” ва майдонни тарк этиб, жамоадошларини ноқулай аҳволга солиб қўйди. Учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолганда эса жарима майдони ичида Рустам Ашурматов рақиб ўйинчига нисбатан очиқдан-очиқ қўпол ўйнади. Бу каби хато Рустамда биринчиси эмасди, кореяликлар томонидан дарвозамизга киритилган учинчи тўпда ҳам айнан Ашурматов рақибларини “қўллаб-қувватлаб” юборганди. Дарвозабонимиз Ботирали Эргашев пенальтини қайтаришга уринди, бироқ тўп унинг қўлига тегиб, дарвоза тўридан жой олди.

Шу тариқа Осиё ўйинлари бош соврини учун катта ниятлар билан курашга киришган футболчиларимиз қийин кечган ўйинда рақибларига имкониятни бой берди ва мусобақани чорак финалдаёқ тўхтатишга мажбур бўлишди.

Ўзбекистон-Жанубий Корея – 3:4

Ҳакамлар: Ал-Хоиш Муҳаммад Холид (Саудия Арабистони), Али Убайди Ҳайдар Абдулҳасан (Ироқ), Ал Ҳикмани Рашад Рашид Саид (Уммон).

Ўзбекистон: Ботирали Эргашев, Рустам Ашурматов, Акрам Комилов, Аббос Отахонов, Жалолиддин Машарипов (Андрей Сидоров, 119), Одилжон Ҳамробеков, Забиҳилло Ўринбоев (Дониёр Нарзуллаев, 112), Жавоҳир Сиддиқов (Хуршид Ғиёсов, 85), Икромжон Алибоев, Достонбек Ҳамдамов (Бобир Абдихолиқов, 68), Достонбек Турсунов.

Жанубий Корея: Сонг Бум Кун, Хванг Хюн Су, Ким Мин Жаэ, Ким Жин Я, Ким Мун Хван, Сон Хон Мин, Хванг Ин Бом, На Санг Хо (Хванг Хи Чан, 46), Жанг Юн Хо (Ли Жин Ху, 22), Ли Сонг Му (Ли Сонг Ву, 61), Хванг Уи Жо.

Голлар: Жалолиддин Машарипов (17), Икром Алибоев (51, 57) - Хванг Уи Жо (4, 35, 74), Хванг Хи Чан (118-пен.).

Огоҳлантиришлар: Д.Ҳамдамов (43), Р.Ашурматов (66), И.Алибоев (85) - Ким Мин Жаэ (104), Хванг Хи Чан (117).
Четлатиш: И.Алибоев (99), Ж. Машарипов (120).

ЎзА
3 901