ЎзА Ўзбек

29.08.2018 19:33 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Енгил атлетикачимиз кумуш медалга сазовор бўлди

Осиё ўйинлари-2018. Енгил атлетикачимиз кумуш медалга сазовор бўлди
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинлари ўз манзили сари тобора яқинлашмоқда. Мусобақанинг сўнгги кунлари эса терма жамоамиз аъзолари учун анча омадли кечаётгани қувонарли ҳол. Кеча курашчиларимиз тақдим этган медаллар шодасига жавоб тариқасида бугун дзюдочиларимиз ҳам мамлакатимиз спорт делегацияси медаллар захирасини бойитишди. Албатта қолган спорт турлари ҳам улардан қолишмасликка ҳаракат қилишмоқда. Жумладан енгил атлетикачиларимиз ҳам.

Тўғри, ҳозирча ушбу спорт туридан терма жамоамиз аъзолари олтин медалга сазовор бўлишгани йўқ. Аммо, кумуш ва бронза медаллари ҳам чакки натижа эмас. Хусусан, бугун уч ҳатлаб сакраш мусобақаларида ҳамюртимиз Руслан Қурбонов кумуш медалга сазовор бўлди. У 16,62 метр натижа билан мусобақа ғолиби бўлган ҳиндистонлик Арпиндер Синхдан атиги 15 сантиметрга ортда қолди. Кучли учликни эса 16,56 метр натижа билан Хитой терма жамоаси аъзоси Шуо Сао якунлаб берди.

Бугун енгил атлетикачиларимиз мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобига олтин медал ҳам қўшиб қўйиши мумкин. Бунинг учун аёллар ўртасидаги баландликка сакраш мусобақаларида терма жамоамиз аъзолари Светлана Радзивил ва Надежда Дусановалар яна бир бора Инчхондаги матонатини намойиш этишларига тўғри келади. Ўшанда бу икки спортчимиз мусобақанинг олтин ва кумуш медалини қўлга киритишганди.

ЎзА
3 959