ЎзА Ўзбек

31.08.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Дзюдочиларимиздан қўш медаль

Осиё ўйинлари-2018. Дзюдочиларимиздан қўш медаль

XVIII ёзги Осиё ўйинлари доирасидаги дзюдо мусобақаларида бугун Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари яна иккита медалга сазовор бўлишди. 

Дастлаб 90 килогача бўлган вазн тоифасида татамига чиққан ҳамюртимиз Шаҳзодбек Собиров биринчи босқичда БАА вакили Сержиу Томага ҳеч қандай имконият қолдирмади. Бироқ чорак финалда у мўғулистонлик Алтанбагана Гантулгадан кичик ҳисобда мағлубиятга учради. Собировнинг бахтига Гантулга финалгача ғолибона юришини давом эттирди ва бу Шаҳзодбекка ўтиш баҳсларида қатнашиш имконини тақдим этди. Ўтиш баҳсида ливанлик Насиф Элиасдан устун келган ўзбекистонлик курашчи бронза медали учун кечган қизиқарли беллашувда Япония терма жамоаси аъзоси Машу Бакердан мағлубиятга учради.

100 килогача бўлган вазн тоифасидаги вакилимиз Шерали Жўраев биринчи даврада непаллик рақиби устидан ишончли ғалабага эришди. Бироқ у ҳам чорак финал босқичида Мўғулистон терма жамоаси аъзосига имкониятни бой бериб қўйди. Ўтиб баҳсида Жўраев ён қўшнимиз Туркманистон терма жамоаси вакили Ботир Хўжамуҳамедов устидан соф ғалабага эришди. Бронза медали учун кечган беллашувда ҳамюртимиз БАА вакили Иван Ремаренкони ҳам ишончли тарзда мағлубиятга учратди ва Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига яна бир бронза медалини қўшиб қўйди.

Энг оғир, яъни 100 килодан юқори вазн тоифасида кечган беллашувларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Бекмурод Олтибоев ҳам совриндорлар сафидан жой олди. Ушбу вазн тоифасида иштирокчилар сони у қадар кўпчиликни ташкил этмагани боис Олтибоев тўғридан тўғри чорак финалдан баҳсларга киришди ва Япония вакили Такеши Ожитанига ютқазиб қўйди. Аммо ўтиш баҳсида хитойлик Юнжи Ен устидан қозонилган ғалаба Бекмурод учун бронза медали сари йўл очди. Бу босқичда унга эронлик Жавод Махжуб рўбарў келди. Анча муросасиз кечган беллашувда Олтибоев рақибини кичик устунлик билан мағлуб этган ҳолда бронза медалини қўлга киритди.

ЎзА
3 095