ЎзА Ўзбек

31.08.2018 18:12 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Боксчиларимизнинг барчаси финалда

Осиё ўйинлари-2018. Боксчиларимизнинг барчаси финалда
XVIII ёзги Осиё ўйинларининг бокс мусобақаларида барча финалчилар номи маълум бўлди. Қувонарлиси, барча етти вазн тоифасида ҳам терма жамоамиз аъзолари финалга йўл олишди. Аввал хабар берганимиздек, куннинг биринчи ярмида тўрт нафар атлетимиз финал масаласини ижобий ҳал қилишган бўлса, уларнинг ғалабали одимини Миразиз Мирзаҳалилов (56 кг), Иқболжон Холдоров (64 кг) ҳамда терма жамоамиз сардори Исроил Мадримов (75 кг) ҳам давом эттиришди.

Ушбу мусобақаларда илк маротаба иштирок этаётган Миразиз Мирзаҳлилов ўз вазн тоифасида мезбонлар вакили Сунан Агунг Аморагамга қарши финал йўлланмаси учун жанг қилди. Спортда шундай ибора бор: “ўз уйингда деворлар ҳам суяйди”. Аммо ҳамюртимиз жангда катта устунликка эришдики, деворлар ҳам, ҳакамлар ҳам Индонезия вакилига ёрдам беролмади ва Мирзаҳалилов финалда.

Шундан сўнг рингга 64 кило вазн тоифасидаги боксчилар таклиф этилди ва унда Осиё чемпиони, терма жамоамиз таркибидаги энг ёш боксчи Иқболжон Холдоров япониялик рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ҳакамларнинг барчаси ушбу жангда Иқболжон ғолиб чиққанлигини эътироф этишди ва олтинчи боксчимиз ҳам финалга йўл олди.

Осиё ўйинларининг бокс йўналишидаги энг оғир вазн тоифаси – 75 килогача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги баҳсларда терма жамоамиз байроқдори Исроил Мадримов иштирок этмоқда. Бунгача барча жангларда катта устунликка эришган Мадримов ярим финал доирасида филиппинлик Мирсиал Феликснинг жиддий қаршилигига дуч келди. Филиппин вакили бунгача қозоғистонлик боксчини мусобақадан чиқариб юборгани бежиз эмаслигини исботлади ва Мадримовга қарши жангда ҳам ҳакамларнинг икки нафари ғалабани айнан Феликсга тақдим этди. Аммо, қолганлар ҳамюртимизга овоз беришди ва шу тариқа бокс бўйича терма жамомиз тўлиқ таркибда финалга йўл олди.

XVIII ёзги Осиё ўйинларининг бокс бўйича финал беллашувлари 1 сентябрь куни соат 14:00дан бошланади. Умид қиламизки, боксчиларимиз энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига муносиб совға ҳозирлашади.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 816