ЎзА Ўзбек

28.08.2018 12:58 Чоп этиш версияси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ-2018: Боксчиларимиз ютишяпти, чавандоз ва атлетларимиз иштироки ҳам ёмон эмас

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ-2018: Боксчиларимиз ютишяпти, чавандоз ва атлетларимиз иштироки ҳам ёмон эмас

Индонезиянинг икки йирик шаҳарлари – Жакарта ва Палембангда давом этаётган навбатдаги Осиё ўйинларида иштирок этаётган спортчиларимизнинг кунига турли кўринишдаги медалларни қўлга киритишларига кўникиб қолдик. Медаларнинг энг яхшиси – олтини бўлса, яна яхши. 

Кечаги кун ҳам вакилларимиз учун “қуруқ” ўтмади – иккита кумуш ва битта бронза медалига сазовор бўлдик. Каратэ бўйича -50 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бобоева ўз чиқишларида Филиппин, БАА ҳамда Таиланд давлати спортчиларини мағлубиятга учратиб, ҳал қилувчи босқичга қадар етиб борди. Фақат финалда Хитой Тайпейи вакили Шиашуанг Гуга кичик - 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйди ва кумуш медали билан кифояланди.

Медалларнинг кумуши билан бадиий гимнастикачиларимизнинг ҳам тақдирланиши юртимизда бу спорт турига бўлган эътибор бошқалардан кам эмаслигини исботлади. Бадиий гимнастиканинг жамоавий баҳсларида иштирок этган қизларимиз (Сабина Тошкенбоева, Нуринисо Усмонова, Дилдора Раҳматова ва Асал Икромова) умумий ҳисобда 155,3 балл тўплаб, иккинчи натижани қайд этишди ва делегациямиз ҳисобига навбатдаги кумуш медалларни қўшиб қўйишди. Оғир атлетикада +105 кг. вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Рустам Жангабаев даст кўтаришда 203, силтаб кўтаришда эса 252 кг. натижани қайд этган ҳолда умумий ҳисобда 455 кг. натижа билан бронза медали эгасига айланди.

Шу тариқа Осиё ўйинларининг тўққизинчи куни якунларига кўра, терма жамоамиз спортчилари ҳисобида 31 та медаль жамғарилди – 6 та олтин, 13 та кумуш ва 12 та бронза.

Бугун, бироз аввал хабар қилинганидек, делегациямиз аъзолари спортнинг олти тури бўйича мусобақаларда қатнашишади. Айни пайтга қадар бир қатор натижалар қайд этилди ҳам. Жумладан, бокс бўйича чорак финал баҳсларида спортчиларимиз иштирокини бошлаб бериш Жасурбек Латиповнинг “чекига” тушди. 52 кг. вазнда рингга кўтарилган Андижон бокс мактаби тарбияланувчиси Жасурбек Латипов индонезиялик Алдомс Сугарога қарши жанг олиб борди ва уни йирик – 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўлланма олди. Биринчи жангдан кўп ўтмай, иккинчиси ҳам бошланди. Унда боксчимиз Шунқор Абдурасулов (60 кг.) қирғизистонлик рақибига қарши жанг қилди ва бу ўйин ҳам ҳамюртимизнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди. Бугун кечга яқин Бобоусмон Батуров (69 кг.) ҳам ўз чиқишларини намойиш этади.

photo5199933991103342962.jpg

От спорти бўйича чавандозларимизнинг иштироки ҳам ҳозирча кўнгилдагидек кетмоқда. 

photo5199933991103342961.jpg

Ғайрат Назаров, Нуржан Туякбаев, Умид Комилов ва Оқилжон Собиржоновдан иборат жамоавий вакилларимиз саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал босқичига йўл олишди.

Синхрон сузиш баҳсларининг саралашидан муваффақиятли ўтган Анастасия Морозова ва Анна Елтишева жуфтлиги финалда олтинчи натижани қайд этишди.

Енгил атлетика бўйича кўпкурашда иштирок этаётган Екатерина Воронина 100 метрга югуриш баҳсларида 10-натижани қайд этди. Баландликка сакрашда эса ҳозирча учинчи ўринда бормоқда. У шунингдек, кун давомида кўпкураш ва ядро улоқтириш баҳсларида ҳам нималарга қодир эканлигини исботлашга ҳаракат қилади. Нигина Шарипова 200 метрга югуриш баҳсларида 23,31 сония натижа билан ўз гуруҳида биринчи бўлиб маррага етиб келди ва ярим финалга йўл олди. Шунингдек, ҳадемай Ситора Ҳамидова ҳам 5000 метрга югуришда стартга чиқади.

photo5199933991103342963.jpg

Осиё ўйинларида илк маротаба расмий равишда ўтказилаётган ўзбек миллий кураши ҳам бугун ўз фаолиятига киришди. Қувонарлиси, ҳамюртимиз Маъруф Ғайбуллаев ўзбекистонликлар иштирокини ғалаба билан бошлади – у мезбон вакилини йирик – 10:0 ҳисобида мағлуб эта олди. Кун давомида Гулнора Сулаймонова (52 кг.), Ойсулув Абдумажидова (52 кг.), Руслан Бўриев (66 кг.), Нурбек Тўраев (+90 кг.) ва Муҳсин Ҳисомиддинов (+90 кг.) гиламга чиқишади.

Медалларга даъвогарлик қилаётган Бадиий гимнастика усталаримиз Сабина Тошкенбоева ва Нуринисо Усмановалар бугун яккалик баҳсларида финал босқичида ўз юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.

О. Юнусов, ЎзА
4 098