ЎзА Ўзбек

29.08.2018 20:10 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. Баландликка сакрашда қизларимиз яна қитъада тенгсиз

Осиё ўйинлари-2018. Баландликка сакрашда қизларимиз яна қитъада тенгсиз
XVIII ёзги Осиё ўйинларининг ўнинчи кунги баҳсларини мамлакатимиз атлетлари ёрқин ғалаба билан якунлашди. Жумладан енгил атлетиканинг аёллар ўртасида баландликка сакраш мусобақаларида ҳамюртларимиз Надя Дусанова ҳамда Светлана Радзивил бу сафар ҳам ишончни оқлашди.

Баландликка сакраш мусобақаларини иштирокчилар 1 метру 65 сантиметрли тўсиқдан бошлашди. Баландлик ошиб боргани сари атлетлар ҳам сараланиб бораверди. Ниҳоят 1 метру 80 сантиметрлик тўсиқдан олти нафар спортчи ошиб ўтишди. Улар орасида икки нафар ҳамюртимиздан ташқари қозоғистонлик Надежда Дубовицкая, шунингдек Хитой, Вьетнам ва Гонконг терма жамоалари аъзолари бор эди.

Кейинги марра 1 метру 84 сантиметрлик тўсиқдан яна Дусанова, Радзивил ҳамда Дубовицкаялар ошиб ўтишди, қолганлар эса иштирокини якунлашди. Медаллар учун кураш мана уч спортчи ўртасида кечиши аниқ бўлганди. Дусанова маррани 4 сантиметрга кўтарди, аммо биринчи уринишда у бу баландликни забт этолмади. Радзивил эса қийинчиликсиз  1 метру 88 сантиметрлик тўсиқдан ошиб ўтди ва етакчиликни ўз қўлига олди. Дусанова ҳам иккинчи уринишида бу баландликни забт этди, лекин қозоғистонлик спортчининг омади келмади ва у бронза медалига эга чиқди.

Олтин медал эгасини аниқлаш учун кечган курашда аввалига қизларимизнинг ҳар иккиси 1 метру 91 сантиметрлик натижани забт этишди. Кейинги марра 1 метру 94 сантиметр баландликдан Надя биринчи уринишдаёқ ошиб ўтди. Радзивил эса ушбу маррани забт этишда бироз муаммога дуч келди ва учинчи уринишдагина ушбу баландликни забт этишга муваффақ бўлди. Ниҳоят 1 метру 96 сантиметрлик баландликдан Радзивил биринчи уринишдаёқ ошиб ўтди, Дусанова эса шу ерга келганда курашни тўхтатди. Шундай қилиб Светлана Радзивил икки карра Осиё ўйинлари ғолибига айланди. Дусанова эса кумуш медалга сазовор бўлди.

ЎзА
4 916