ЎзА Ўзбек

27.08.2018 15:54 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018: Баҳринисо Бобоева Осиё ўйинлари кумуш медалини қўлга киритди

Осиё ўйинлари-2018: Баҳринисо Бобоева Осиё ўйинлари кумуш медалини қўлга киритди

Айни кунларда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида қизғин ва муросасиз тарзда кечаётган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида баҳсларга киришган наманганлик спортчи Баҳринисо Бобоева Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолиблар сафидан жой олди.

Мусобақа дастуридан жой олган каратэ бўйича 50 килограмм вазн тоифасида беллашган Баҳринисо дастлабки жангда филиппинлик Жунна Сукини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Чорак финалда эса БААдан келган рақиби Алажми Ҳавра устидан яққол устунликка эга бўлди. Якуний ҳисоб – 5:1.

Ярим финал учрашувида иқтидорли спортчимизга таиландлик Раксачарт Павина тўқнаш келди ва битта аниқ зарба ҳисобига зафар қучди.

Таассуфки, Баҳринисо Бобоева ҳал қилувчи ўйинда ҳам ғалаба қозониб, олтин медалга эга чиқиши учун атиги бир очко камлик қилди. Хитой Тайпейи вакиласи Шиашуанг Гугага қарши татамига чиққан ҳамюртимиз рақибасига 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйиб, Осиё ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, мураббий Абдулла Салимов қўл остида шарқона якка кураш тури билан 7 йилдан буён шуғулланиб келаётган Баҳринисо Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида кўп карра чемпионлик унвонига сазовор бўлиб, олтин медалларни қўлга киритган.

Шунингдек, у Тошкент шаҳри ҳамда Қирғизистон, Малайзия, Қозоғистон, Испания давлатларида ўтказилган халқаро турнир ва мусобақаларда ҳам медаллар билан тақдирланган.

ЎзА
6 151