ЎзА Ўзбек

27.08.2018 19:27 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018. 24 йиллик орзу саробга айланди

Осиё ўйинлари-2018. 24 йиллик орзу саробга айланди

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар ҳам муносиб иштирок этиб келишмоқда. Хусусан, яккакураш турларида қайд этилаётган натижалар кишини қувонтиради. Аммо, спортнинг жамоавий ўйин турларида негадир ҳеч омадимиз юришмайди. Бу сафарги Осиё ўйинларида ҳам афсуски бу ҳол такрорланди.

Аслида Индонезияга жамоавий ўйин турларидан фақатгина футбол бўйича олимпия терма жамоамиз йўл олганди. Гандбол, баскетбол ҳамда волейбол сингари йўналишлардан эса негадир терма жамоаларимиз Осиё олимпиадасида иштирок этишни лозим кўришмади. Жорий йилнинг январ ойида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги олимпиячиларимиз ўз тенгқурлари (аслида укалари) орасида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритишгач, кўпчилик Индонезия яшил майдонларида ҳам бу жамоадан юксак натижа кутишаётганди. Шу мақсадда футболчиларимиз бўлажак мусобақага жиддий тайёргарлик кўришди, ўз навбатида Ўзбекистон футбол асссосиацияси Ҳайдаров шогирдларининг Осиё ўйинларига пухта ҳозирлик кўришлари учун барча шароитларни яратиб беришди ҳам. Аммо, лекин, бироқ,...

Осиё ўйинлари бошланиши олдидан терма жамоамиз фаворитлардан бири сифатида эътироф этилаётганди. Башоратларни ёш футболчиларимиз ҳам чорак финалгача оқлашди. Ўтказилган тўртта ўйиннинг барчасида ғалаба, камига рақиблар дарвозаси 13 (!) марта ишғол этилган ҳолда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиш – буларнинг барчаси том маънода бўлғуси чемпионларга ярашадиган кўрсаткичлар. Бироқ, чорак финалда ҳамюртларимизнинг ғолибона юриши ҳам, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолиши ҳам тўхтатилди. 

Шу ўринда вакилларимиз қайси жабҳаларда рақибига ютқазди, деган саволга қисман жавоб ахтариб кўрсак. Сир эмаски, Равшан Ҳайдаров таваккалчи мураббийлар тоифасига кирмайди. Ушбу мутахассис халқимизнинг “етти ўлчаб бир кес”, мақолига қаттиқ амал қиладиганлардан. Бу эса ҳар доим ҳам қўл келавермайди. Бугун футбол оддийгина спорт тури эмас, балки саноат даражасига чиқиб улгурди. Дунёнинг кўплаб компаниялари борки, Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда футболчиларнинг майдонда қандай ҳаракат қилишини аниқ-тиниқ таҳлил қилиб беришади. Айтайлик, Жавоҳир Сиддиқовнинг ўйин давомида майдонда қанча масофани босиб ўтиши, ўнг оёғида қанча зарба бергани-ю чап оёқда рақиб дарвозаси томон йўлланган зарбалари, тўп билан қандай муомала қилишидан тортиб иккинчи қаватда ёки яккакурашлар чоғида неча фоиз устунликка эришишини ҳисоб-китоб қилиб беради. Бу эса мураббийлар учун айни муддао, десак хато бўлмайди.

Муаммо шундаки, Равшан Ҳайдаров гуруҳ босқичи ва ҳаттоки плей-оффдаги илк ўйинда ҳам таркибни ўзгартирмади. Тўғри, одатда ўзини ҳурмат қилган мутахассислар ғолиб чиққан таркибни бўлар-бўлмасга ўзгартираверишмайди. Бунинг яхши жиҳати, футболчилар ўйиндан ўйинга бир-бирини яхшироқ тушуниб боради. Лекин, масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бундан кўз юмиб бўлмайди. Рақиб жамоа мураббийлари мунтазам бир хил таркиб ва тактикада ҳаракат қиладиган жамоага қарши қандай ўйнаш кераклигини яхши ўзлаштириб олишади.

Очиғини айтиш керак, гуруҳ босқичидаги рақибларимиз, ҳаттоки Гонконгдан ҳам биз бир бош устун эдик. Шу боис улар термамизга қарши қандайдир қурол ҳозирлаган бўлишса-да, футболчиларнинг маҳорати эвазига мақсадимизга эришдик, то чорак финалгача. Аммо, мусобақанинг айни шу босқичида вакилларимиз чинакамига жиддий рақибга тўқнаш келди. Бу бизга Осиё чемпионатида 4-0 ҳисобида имкониятни бой берган жамоа эмасди, гарчи таркибнинг ўзагини айнан Хитойда ўтган мусобақада иштирок этган футболчилар ташкил этишган бўлса-да. Жамоа сафига нафақат Жанубий Корея, балки бугунги Осиё футболининг ёрқин юлдузига айланган Сон Хён Миннинг қўшилиши чорак финалдаги рақибимизни сезиларли даражада кучайтирди, десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, мураббийлар штаби ўйинларда тез-тез ротацияга ҳам қўл уриб туришди. Шу боис Ҳайдаров рақибга қарши тактика танлашда муаммоларга дуч келди. Натижа эса ўзингизга маълум, Жанубий Корея ярим финалда, биз эса уйга қайтамиз. Алам қиладигани, жамоамизнинг салоҳияти бундан кўпроғига қодир эди. Фақат яна ўша эски муаммо – мураббийларнинг савияси туфайли оғзимиздаги ошни олдириб қўйдик.

Яна неча йил Хиросимадаги ёрқин ғалабамизни эслаб юрар эканмиз?!

Отабек Эшмаматов, ЎзА
6 411