ЎзА Ўзбек

18.08.2018 20:20 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари-2018

Осиё ўйинлари-2018
Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Индонезиянинг Жакарта шаҳрида жойлашган «Gelora Bung Karno Stadium»да XVIII ёзги Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

XVIII ёзги Осиё ўйинлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтади. Унда Осиё қитъасининг 45 мамлакатидан 10 мингга яқин спортчи 40 та спорт тури бўйича 476 медаллар шодаси учун курашади.

Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири – Осиё ўйинларида 232 нафар ҳамюртимиз спортнинг 30 тури бўйича мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. 

«Gelora Bung Karno Stadium»да очилиш маросими тантаналари бошланди. Маросимнинг энг ҳаяжонли ва қизиқарли қисми, бу –  мусобақаларда иштирок этадиган мамлакатлар спорт делегацияларининг чиқишидир.

...Қарийб 80 мингга яқин мухлислар билан тўлиб-тошган стадионга Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини, бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Исроил Мадримов баланд тутган ҳолда олиб кирди. Байроғимиз ортидан Ватан шарафини муносиб ҳимоя қиладиган, баҳсларда ўзбек фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини дунёга яна бир карра кўрсатадиган спортчилар, мураббий ва мутахассислар майдонга кириб келди.

Ўзбекистон спортчилари халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Жумладан, Осиё ўйинларида 1994 йилдан буён мунтазам қатнашаётган Ўзбекистон спортчилари бугунга қадар ўтган олтита Осиё ўйинларида 63 та олтин, 96 та кумуш, 115 та бронза – жами 274 та медаллар жамғармасини қўлга киритгани боис, ҳақли равишда кучлилар қаторидан ўрин олиб келмоқда.

Спортчиларимиз навбатдаги Осиё ўйинларида ҳам муносиб иштирок этишга астойдил бел боғлаган. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги қарори бу борадаги ишларни изчил, тизимли ва янгича асосда йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

...Стадионда қитъамизнинг 45 мамлакати спортчилари саф тортди. Шу тариқа Осиё ўйинлари мадҳияси янграб, XVIII ёзги Осиё ўйинлари байроғи кўтарилди. Спортчилар ва ҳакамлар қасамёд қабул қилди. Ўйинларнинг муваффақиятли ўтиши, халқлар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик рамзи сифатида машъала ёқилди.

Шундай қилиб, XVIII ёзги Осиё ўйинлари бошланди. Мусобақаларда спортчиларимизга ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
15 032