ЎзА Ўзбек

30.08.2018 19:39 Чоп этиш версияси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ-2018: 12-кунда учтадан олтин ва бронза, иккита кумуш медаль қўлга киритилди – Осиё ўйинларидаги рекордимиз янгиланди

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ-2018: 12-кунда учтадан олтин ва бронза, иккита кумуш медаль қўлга киритилди – Осиё ўйинларидаги рекордимиз янгиланди Бугун юртимизда қуёшли тонг отиб, ҳали дастурхон атрофига жамланиб улгурмасимиздан Индонезия томонлардан кетма-кет хушхабарлар кела бошлади. Ушбу мамлакатнинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтаётган Осиё ўйинларининг ўн биринчи кунида бир қатор спортчиларимиз эрта тонгданоқ олтин, кумуш ва бронза медалларга сазовор бўлди.

Қитъанинг нуфузли мусобақасида икки юздан зиёд вакили билан иштирок этаётган спортчиларимиз ўн кундан ортдики кунига медаллар билан таъминланиб турди. Айниқса, кечаги кун ҳамюртларимиз учун анча баракали, самарали ва албатта, омадли келди, десак муболаға бўлмас.

Бир кунда учта олтин медаль – эрталаб дзюдо бўйича Диёр Ўрозбоев бошлаб берди, курашдан Дилдора Шерметова давом эттирди, оқшомда эса Светлана Радзивил якунлаб қўйди. Айниқса, енгил атлетиканинг баландликка сакраш туридан ўзбекистонликларнинг чиқишлари нафақат стадиондаги мухлису, мутахассисларни ҳаттоки ойнаи жаҳон қаршисидаги қитъа спортсеварларининг эътиборини ўзига қаратди. Икки вакилимиз – Светлана ва Надиянинг кўрсатган “кароматидан” барча ҳайратда қолди. Қитъанинг шу соҳадаги етакчилари баландликнинг 1,84 метридаёқ иштирокларини тўхтатди. Бу кўрсаткични ҳам атиги бир нафар спортчи – қозоғистонлик Надежда Дубовицкая бажарди холос, қолганлари 1,80 кўрсаткичлари билангина кифояланганди. Ана ундан кейин чинакам “ўзбекистонликлар дербиси” бошланди-ю. Светланага кўп йиллик тажриба қўл келган бўлса, Надияга ёшлик шижоати асқатаётганди. Халақит берадиган, даъво қиладиган ҳеч ким йўқ, планкани истаганча кўтариш ва истаган пайтда мусобақани тўхтатиш фақат ўзбекистонликларнинг ўз қўлларида. Шундай бўлди ҳам. Мусобақани рақобатчи сифатида бошлаган бошқа спортчилар ҳангу манг билан, спортчиларимиз эса планкани кўтариш билан овора бўлдилар. Охир-оқибат ҳар иккала спортчимиз олтин ва кумуш медалларини ўзаро бўлишиб олди. Хусусан, Светлана Радзивил 1,96 метрни забт этган ҳолда олтин медални қўлга киритган бўлса, Надия Дусанова 1,94 метрга сакради ва кумуш медаль соҳибасига айланди. Светлананинг сиз кўриб турган суратлари жаҳон оммавий ахборот воситаларида бир неча бор намойиш этилган, уларнинг бари бир-бирига ўхшаш, лекин спорт мусобақаларининг нуфузи, манзили, муддати турлича. Юқоридаги сурат эса айнан Индонезиядан.

Кеча шунингдек, Руслан Қурбонов (енгил атлетика) кумуш, Мухлиса Абдумаликова ва Сарвар Шомуродов (иккаласи ҳам кураш спорт туридан) бронза медаллари билан тақдирланди.

Булар кечаги куннинг гаплари эди, хўш, бугун-чи?
Спортчиларимизнинг бугунги кундаги натижалари кечагисидан ҳам кўпроқни ташкил этди. Биз учун тонг саҳардан байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича спортчиларимизнинг кетма-кет совринларни қўлга киритиш борасидаги хушхабарлар етиб келаверди. Вадим Меньков 1000 метрга яккалик баҳсларининг финалида иштирок этиб, маррага биринчи бўлиб етиб келди ва Осиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди. У тожикистонлик Шаҳриёр Даминовни 0,7 сонияга ортда қолдириб, бош соврин соҳиби бўлди. Мазкур натижа билан Вадим ўзининг Осиё ўйинларидаги тўртинчи олтинини қўлга киритди ва бу борадаги Осиё ўйинлари рекордини ўрнатди. Бунгача у Доха, Гуанчжоу ва Инчеондаги Осиё ўйинларида ҳам пешқадам бўлганди.

Аёллар ўртасидаги 500 метрга жуфтлик баҳсларида юртдошларимиз маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Хитойлик рақибларидан 3,6 сония ортда қолиб, 2:06.160 натижа қайд этган Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова тандеми кумуш медали билан тақдирланишди. Эркаклар ўртасидаги 1000 метрга К-2 жуфтлик баҳсларида эса Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳрухбек Аъзамов маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, худди шу масофага, С-К жуфтлигида иштирок этган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги маррага учинчи бўлиб етиб борди ва улар ҳам бронза медали билан кифояланди.
А.Тропин, В.Ибрагимов, Ж.Нурматов, А.Мочалов иштирокидаги 500 метр масофага тўрт кишилик экипажда ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари маррага бешинчи бўлиб етиб келди.

Худди кечаги кун каби бугун ҳам курашчиларимиз ўзларига билдирилган ишончларни оқлади. 90 кило вазнлилар ўртасидаги баҳсларнинг ҳал қилувчи финали ўзбекистонликлар дербиси остида кечди. Қизиқарли ўтган беллашувда Шермуҳаммад Жандреев Яҳё Имомовни мағлубиятга учрата олди. Шермуҳаммад финалгача афғонистонлик Ширзад Азизини, қувайтлик Ҳусайн Мисри, Яҳё эса туркманистонлик Гуванч Бегалиевни, қозоғистонлик Ерсултан Музаффаровни енгиб етиб келишганди. Ва финалда икки ўзбекистонлик ўзаро куч синашди.

Аёллар ўртасида 78 кило вазн тоифасидаги спортчилар ўртасидаги финал баҳс ҳам юртдошларимизнинг фойдасига хизмат қилди. Мусобақанинг ҳал қилувчи қисмида ҳамюртимиз Кумуш Йўлдошева мўғулистонлик Отгон Мунхцецегга қарши гиламга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳсда ҳамюртимиз рақибаси устидан ҳалол баҳоси билан ғалаба қозонди. Бунгача у Қозоғистон вакиласи Калжан Тайжановани, хитой тайпейилик Янг Хсиентзу устидан соф ғалабага эришганди. Дилроза Бозорова эса қозоғистонлик курашчига ютқазиб қўйди.

Дзюдо бўйича кун аввалида вакилларимиз эркаклар ўртасида -73, -81 килограмм, аёллар ўртасида -70 кило вазн тоифасида баҳсларга киришган бўлса-да, йигитларимиз меддалар учун курашда муддатидан аввал имкониятни бой бериб қўйди.

-73 килограмм вазнлилар баҳсида Ғиёс Бобоев дастлаб яманлик рақибини мағлуб этди ва чорак финалга чиқди. Бироқ бу босқичда БАА вакили Виктор Сквортовга имкониятни бой бериб қўйган ҳолда, бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолганди. Аммо бронза медали учун ўтказилган ўтиш босқичида ҳам Шимолий кореялик Чол Гван Ким тўсиғидан ўта олмади.

Шунингдек, Шарофиддин Болтабоевда ҳам шу вазият такрорланди. Шарофиддин илк жангида ливанлик рақибдан устун келганди, бироқ чорак финалда япониялик тажрибали спортчи Такеши Сасаки тўсиғидан ўта олмади. Бронза медали учун ўтказилган ўтиш босқичида эса полвонимиз мўғулистонлик Уганбаатар Отгонбаатарга ҳам имкониятни бой бериб қўйди.

Ҳар иккала полвонимиз мағлубиятини Гулноза Матниёзова муваффақиятли юриши билан “ювди”. 70 килограммлилар баҳсида гиламга чиққан Гулноза илк ва чорак финал жангларида зафар қучди, фақат ярим финалда жанубий кореялик рақибасига ютқазиб қўйди. Энди у бронза медали учун курашиши лозим эди. Ҳамюртимиз бунинг учун хитойлик Я Жуга қарши татамига кўтарилди. Қизиқарли ўтган баҳсда ҳамюртимиз рақибасини иппон баҳоси эвазига мағлуб этди.

Трамполин бўйича натижаларимиз бошида ёмон бўлмади. Ушбу йўналишнинг эркаклар баҳсида икки нафар ҳамюртимиз - Самирбек Усмонов ва Амиран Бабаянлар финал йўлланмаси учун кураш олиб борди ва бунинг уддасидан чиқди. Финал баҳсларида эса Самирбек Усмонов 53,330 балл билан еттинчи ўринни банд этган бўлса, Амиран Бабаян 45,230 балл билан энг сўнгги ўриндан жой олди. Ушбу йўналишда хитойликлардан Донг Донг олтин, Леи Гао кумуш, Қозоғистон вакили Пирмаммад Алиев бронза медали билан тақдирланди.

Аёллар баҳсида Фарангиз Рўзиева 49,725 балли натижа билан бешинчи ўринни эгаллади. Ушбу йўналишда хитойлик Лиу Линглинг биринчи, япониялик Хикару Мори иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, яна бир Хитой вакиласи Шоули Жу кучли учликни якунлаб берди.

Шу тариқа ўзбекистонликлар бугуннинг ўзида учтадан олтин ва бронза ҳамда иккита кумуш медални қўлга киритди. Ўзбекистон спорт делегацияси айни пайтда 15 та олтин, ва 19 тадан кумуш ва бронза, жами 53 та медаль жамлаган ҳолда мусобақа жадвалининг олтинчи поғонасини банд этиб турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбекистонликлар Осиё ўйинлари тарихида янги рекордни ўрнатди. Бунгача Ўзбекистон спорт делегациясининг Осиё ўйинларидаги энг яхши натижаси 2002 йилга тўғри келган. Ўша йилги баҳсларда ҳамюртларимиз 15 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медалларини қўлга киритган. Жами медаллар сони 51 тани ташкил этганди. Индонезияда эса шу кунгача жамлаган медалларимиз сони бу кўрсаткичдан ўтди – 53 тага етди. Олдинда ҳали яна икки кунлик ўйинлар бор, муҳими, боксчиларимиздан ҳали умидимиз катта. Қолаверса, самбочиларимиз ҳам ўзларининг нималарга қодир эканлигини исботлаши турган гап.

Маълумот учун. Мусобақа якунланишига икки кун қолган бир пайтда медаллар жамғариш бўйича ҳамон хитойликлар олдинда бормоқда. Уларнинг ихтиёрида 111 та олтин, 75 та кумуш ва 53 та бронза, жами 239 та медаль мавжуд. 173 та (59-49-55) медаль билан Япония иккинчи, 140 та (39-46-55) медаль билан Жанубий Корея делегацияси учинчи ўринларда бормоқда. Биздан юқорида шунингдек, мусобақа мезбонлари Индонезия (30+23+37 =90) ва Эрон (19+19+20=58) вакиллари бормоқда.
Осиё ўйинларида иштирок этаётган 46 давлатдан 17 тасида ҳали биронта ҳам олтин медаль қўлга киритилмаган, 13 тасида олтин у ёқда турсин, кумушнинг ҳам ўзи йўқ, 9 та давлатга эса ҳали биронта ҳам медаль насиб этмаган. Ён қўшниларимиздан қозоғистонликлар 11 тадан олтин ва кумуш (38 та бронза) медаль билан умумий ҳисобда ҳам ўн биринчи ўринда бормоқда. Қирғизистон 19 та (2-6-11) медаль билан 22-ўринда, Тожикистон учта кумуш медаль билан 30-ўринда, Туркманистон битта кумуш ва иккита бронза билан 32-ўринда бормоқда.

Ойбек Юнусов, ЎзА
5 001