Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.09.2018 13:40 Чоп этиш версияси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. 18-олтин медаль ёхуд Ўзбекистон-Мўғулистон – 1:1

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. 18-олтин медаль ёхуд Ўзбекистон-Мўғулистон – 1:1
Ҳозиргина XVIII ёзги Осиё ўйинларининг бокс мусобақаларида яна икки вазн тоифаси бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. 60 килогача вазн тоифасидаги ҳал қилувчи жанг терма жамоамиз аъзоси Шунқор Абдурасулов ва мўғулистонлик Чендбатар Эрденебат ўртасида кечди. Даставвал ҳамюртимиз рақибига муносиб баҳо бермади шекилли 1-раундда устунлик мўғул боксчиси тарафида бўлди.

Танаффусда мураббийларидан тегишли кўрсатмаларни олган Абдурасулов 2-раундда ташаббусни ўз қўлига олди ҳамда вазиятни тенглаштирди. Ҳал қилувчи 3-раундда ҳар икки боксчи очиқ жанг ўтказишди. Аммо бир вазиятда Абдурасулов рақибининг кучли зарбасини ўтказиб юборди ва айнан шу омил ғолибни аниқлашда муҳим роль ўйнади. 3-2 ҳисобидаги ғалаба мўғул боксчисига олтин медални тақдим этди.

Ўзбекистон – Мўғулистон боксчилари қарама-қаршилиги навбатдаги 64 килогача вазн тоифасида ҳам давом этди. Иқболжон Холдоров ўзининг эски таниши Чинзорик Батарсухга қарши рингга кўтарилди. Ушбу икки боксчи Тошкентда кечган Осиё чемпионати финалида ҳам тўқнаш келишган ва ўшанда Иқболжоннинг қўли баланд келганди. Бу сафар анчагина тажрибасини оширган ҳамюртимиз яна ғалаба нашидасини сурди ва Ўзбекистон спорт делегациясига навбатдаги олтин медални тақдим этди.

ЎзА