ЎзА Ўзбек

01.10.2019 Чоп этиш версияси

Осиё хоккей федерацияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Осиё хоккей федерацияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон чим хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов Марказий Осиё хоккей федерациясининг директори этиб тайинланди

Жорий йилнинг 26-30 сентябрь кунлари Осиё хоккей федерациясининг ижрочи директори Муҳаммад Таёб Икром бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.Ташрифдан мақсад Ўзбекистонда чим устида хоккей спорт турини ривожлантиришдан иборат эди.

Мартабали меҳмон юртимизга ташрифи давомида бир қатор тадбирларда иштирок этди, мутасадди раҳбарлар билан учрашувлар ўтказди. Жумладан, Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов билан учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатда чим устида хоккей спорт турининг янада оммалаштириш, кенг тараққий эттириш, махсус, халқаро талабларга жавоб бера оладиган чим хоккей майдонларини барпо этиш каби қатор масалалар муҳокама этилди.

photo_2019-10-01_13-50-17.jpg

Осиё хоккей федерациясининг делегацияси 27-28 сентябрь кунлари Ўзбекистон хоккей федерацияси раиси Баҳодир Ахмедов бошчилигида Андижон вилоятига ташриф буюрди. У ерда барпо этилаётган сунъий қопламали майдон қурилиши ишлари билан танишди. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан учрашув жараёнида, Таёб Икром қабул учун вилоят ҳокимига ўзининг самимий миннатдорлигини билдириб, Ўзбекистонда чим устида хоккей спорт турини ривожлантириш учун барча зарур ёрдамини аямаслигини, бу заминда халқаро нуфузли мусобақалар ўтказилишига амалий кўмак кўрсатишини таъкидлаб ўтди.

29 сентябрь куни эса Тошкент шаҳридаги Олимпия шон шуҳрати музейида Ўзбекистон ва Осиё хоккей федерация вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштирилди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раҳбари ташриф ва музокаралар учун Осиё хоккей федерацияси ижрочи директори ва барча делегация аъзоларига федерация номидан миннатдорлик билдирди, икки томонлама ҳамкорлик муносабатларидан мамнун эканлигини баён этди.

photo_2019-10-01_13-50-21.jpg

Эътиборли жиҳати, Таёб Икром самимий қабул учун миннатдорлигини билдирар экан, Осиё хоккей федерациясининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов Марказий Осиё хоккей федерациясининг директори этиб тайинланганлигини маълум қилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда мазкур спорт турининг ривожланиб бораётганлигидан далолат беради.

Тадбирлар сўнгида Осиё ва Ўзбекистон чим устида хоккей федерациялари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандумга мувофиқ, Осиё хоккей федерацияси Ўзбекистонда кўплаб спорт майдонларини барпо этиш, миллий терма жамоаларнинг халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишларини таъминлаш, Ўзбекистон чим устида хоккей спорт турини янада ривожлантиришдан иборатдир.

Осиё хоккей федерациясининг юртимизга ташрифи якунланиб, делегация 30 сентябрь куни кузатиб қўйилди.

3 270
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА