ЎзА Ўзбек

09.01.2020 Чоп этиш версияси

Осиё чемпионати-U23. Ўзбекистон Эрон билан дуранг ўйнади

Осиё чемпионати-U23. Ўзбекистон Эрон билан дуранг ўйнади

Куни кеча старт олган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун ўз иштирокини бошлади.

Учрашув футболчиларимизнинг нофаоллиги ҳамда бунга жавобан форсларнинг ҳам рақибларидек ҳаракатланиши билан бошланди.

Аммо биринчи бўлимнинг аксар вазиятларида олимпиячиларимиз қўпол хатоларга йўл қўйишди. Хусусан, майдон марказида футболчиларимизнинг хатосидан сўнг эронлик ўйинчи Оллоёрнинг ўнг қанот орқали жарима майдончамиз ичига узатган тўпини ватандоши Али Шўжаий деярли очиқ дарвозага кирита олмади.

photo5240254654451919900.jpg

Ҳисоб беллашувнинг 40-дақиқасида очилди. Бобур Абдухолиқов жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олиб фаол ҳаракат қилди ва оқибатда унга қарши қўполлик ишлатилди. Ҳакам ҳеч иккиланмай пенальти белгилади. Ислом Қобилов хотиржамлик билан уни голга айлантирди.

Иккинчи бўлим аввалида захирадан майдонга тушган эронлик Меҳди Қоидий яққол ажралиб турди. У биринчи бўлимда қулай имкониятдан фойдалана олмаган Али Шўжаийнинг ўрнига майдонга тушган эди.

photo5240456754138033187.jpg

Аммо ҳисобни Эроннинг бошқа футболчиси тенглаштирди. 57-дақиқада Ризо Деҳқоний ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан сўнг гол урди.

80-дақиқада Жасур Яхшибоев жуда қулай имкониятдан фойдалана олмади. Дарвозабон билан бирга бир чиқиб борган Жасур зарба бермай йиқилиб тушди. Кўп ўтмай Ойбек Бозоров деярли бўш дарвозага гол ура олмади. У дарвозабон ҳам алданган вақтда тўпни тепага тепиб юборди.

photo5240254654451919864.jpg

Гуруҳнинг иккинчи ўйини Тошкент вақти билан 18:15 да Хитой ва Жанубий Корея жамоалари ўртасида бошланади.

Осиё чемпионати U23
C гуруҳи
1-тур

ЎЗБЕКИСТОН — ЭРОН 1:1

Голлар: Ислом Қобилов (40, пенальтидан) — Ризо Деҳқоний (57).

Таиланд. “Сонгхла” стадиони, 4 180 томошабин.

Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Ислом Қобилов, Ҳусниддин Алиқулов, Ҳожиакбар Алижонов, Илҳом Алижонов, Абдулла Абдуллаев, Азизжон Ғаниев, Нурилла Тўхтасинов (Ойбек Бозоров, 67), Санжар Қодирқулов (Ислом Кенжабоев, 85), Жасур Яхшибоев, Бобур Абдухолиқов.

Эрон: Ҳабибфар Аббосий, Мўжтабо Назариён, Маҳди Маҳдихоний, Оллоҳёр Сайёдмониш, Ризо Шикорий, Ризо Деҳқоний, Муҳаммад Муҳиббий (Жаъфар Сулаймоний, 84), Али Шўжаий (Меҳди Қоидий, 46), Матин Каримзода, Умид Нурафкон, Ориф Оғосий.

2 205
ЎзА