ЎзА Ўзбек

15.03.2019 12:20 Чоп этиш версияси

Осиё чемпионати ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Осиё чемпионати ғолиб ва совриндорлари тақдирланди

Хабарингиз бор, қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жорий йил 26 февралдан 9 мартга қадар Иорданиянинг Амман шаҳрида ташкил этилган ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашиб келди.

Жумладан, қилич йўналишидаги беллашувларда мамлакатимиз ўсмирлар ва қизлар жамоалари яккалик ҳамда жамоавий баҳсларда бронза медалини қўлга киритишди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ташаббуси билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ушбу Осиё чемпионати ғолиб ва совриндорларини тақдирлади.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ОАВ вакиллари иштирокида 2021 йилда Ўзбекистонда илк маротаба ўтказиладиган қиличбозлик бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

photo5213379918799416129.jpg

Айтиш жоиз, мусобақада ёш ўзбек қиличбозлари муваффақиятли қатнашди. Шахсий биринчилик беллашувларида Шерзод Мамутов бронза медалига сазовор бўлди.

Жамоавий беллашувларда ҳам Жалолиддин Душамбоев, Пазилбек Генжабаев, Шерзод Мамутов ва Бобур Расуловдан иборат қилич йўналиши бўйича терма жамоамиз аъзолари бронза медали билан тақдирланди.

Эътиборлиси, ушбу Осиё чемпионатида саблячи қизларимиз ҳам шоҳсупадан жой олди, улар 3-поғонага муносиб кўрилди.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан ўтказилган тантанали тадбир ҳамда матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчи ва талабалари, қиличбозлик спорти фахрийлари, мураббийлар, спортчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда ғолиб спортчиларимизга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Назокат Ражабова, ЎзА
2 496