ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:46 Чоп этиш версияси

Осиё ўйинлари олдидан

Пойтахтимизда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, Олимпия ҳаракати ҳамда Осиё ўйинларини кенг тарғиб этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Лойиҳа Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши ҳамда 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўладиган XVII Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, яратилаётган кенг шароит ва Ўзбекистон спортчиларининг халқаро миқёсда эришаётган ютуқларини инобатга олган Осиё Олимпия кенгаши ҳамда XVII Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси Осиё ўйинлари тарғиботига бағишланган лойиҳанинг навбатдагисини юртимизда ўтказишга қарор қилди.

– Анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг йигирма йиллигига бағишланади, – дейди XVII Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси бош котиби Кюнгсанг Квон. – 2013-2014 йилларда Инчеон шаҳри ёпиқ ишоотлардаги ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинлари ҳамда XVII Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Қитъамизнинг етакчи жамоаларидан ҳисобланган Ўзбекистон спортчилари мазкур нуфузли мусобақаларда ҳам юқори натижаларни қайд этишига ишонамиз.

Тадбир доирасида “Осиё ўйинларининг энг ёш журналисти” ўқув-семинари ва кўрик-танлови, Олимпия ҳаракати ҳамда Осиё ўйинлари тарихига бағишланган викторина ҳамда оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди. Унда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 700 нафарга яқин ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Осиё Олимпия кенгаши мутахассислари томонидан ташкил этилган “Осиё ўйинларининг энг ёш журналисти” ўқув-семинари ва кўрик-танловида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Шерзод Қодиржонов, Олимпия ҳаракати ҳамда Осиё ўйинлари тарихига бағишланган викторинада пойтахтимиздаги 50-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Сардор Мираҳмедов ғолиб бўлди. Ҳар иккала ғолиб ўқувчи XVII Осиё ўйинларида бевосита иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида 11-17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида турли масофаларга югуриш мусобақаси ўтказилди. Паралимпиячилар баҳсида Фарруҳ Мирзақулов, ўсмирлар ўртасида Мурод Эшмуродов, Шоҳруҳ Эргашев ва Даниел Андреев ғолиб деб топилган бўлса, қизлар ўртасида Камила Кракова, Лилия Манасипова ва Анжела Белова ўз ёш тоифасида маррага биринчи бўлиб келди. 


ЎзА, Байрам Айтмуродов, Сарвар Ўрмонов (сурат)
13 967