ЎзА Ўзбек

26.01.2019 17:11 Чоп этиш версияси

Осака Australian Open ғолиби, энди у биринчи рақамли теннисчига айланади

Осака Australian Open ғолиби, энди у биринчи рақамли теннисчига айланади

Бугун “Катта дубулға” туркумига кирувчи йилнинг дастлабки мусобақаси – Австралия очиқ чемпионатининг аёллар ўртасидаги мусобақалари ғолиби аниқланди. Уч сет давом этган финал ўйинида чехиялик Петра Квитовани мағлуб этган қитъадошимиз Наоми Осака Мельбурн кортларида ўзининг дастлабки совринини қўлга киритди.

Биринчи сет муросасиз курашлар остида ўтиб, ғолиб тай-брек ёрдамида аниқланди. Унда омад кунчиқар юрт вакиласига кулиб боқди. Осака ўйин тақдирини иккинчи сетдаёқ ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Бироқ 5-3 ҳисобида олдинда бораётган япон теннисчиси учта матчболдан фойдалана олмади. Тўққизинчи геймни ютиб олган Квитова иккинчи сетни охиригача ютқазмади ва умумий ҳисобни тенглаштирди. Лекин бу галги Australian Open турнирида Наоми рақобатдан холи эди ва у ҳал қилувчи сетни ҳам 6-4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.

Шу тариқа япон теннисчиси бош совринга сазовор бўлди. Бу Осаканинг Австралия очиқ чемпионатидаги дастлабки соврини, “Катта дубулға” турнирларида эса у бунгача ўтган йилги АҚШ очиқ чемпионатида ҳам ғалаба қозонганди. Таъкидлаш жоиз, бир йил муқаддам Наоми дунё рейтингида 72-ўринни эгаллаб турганди. Душанба куни эълон қилинадиган WTAнинг янги рейтингида у расман пешқадамга айланади. Бунгача Осиё қитъасининг ҳеч бир теннисчиси на эркаклар, на аёллар рейтингида етакчиликни қўлга олишомаган. Хўш, бундан қандай хулоса қилиш мумкин: дунё тенниси ўзгаряптими ёки сариқ қитъа вакиллари ҳам теннис ўйнашни ўрганиб олишдими? Менимча иккинчиси тўғрироқ бўлса керак!

Отабек Эшмаматов, ЎзА
9 963