ЎзА Ўзбек

30.07.2020 Чоп этиш версияси

Онлайн шахмат мусобақаси давом этади

Онлайн шахмат мусобақаси давом этади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги карантин даврида юртдошларимиз орасида соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш, хусусан аҳоли орасида ақл-заковат спорти бўлмиш шахматни кенг тарғиб этиш мақсадида жорий йилнинг 20 июлидан бошлаб онлайн шахмат мусобақасини эълон қилганди.

«Уйда қол – ғалаба қозон» шиори остида ўтказилаётган ушбу шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон мусобақасида қатнашиш учун шу кунгача 3 500 нафардан ортиқ юртдошимиз CHESS.COM сайтида «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги» https://www.chess.com/club/uzbekiston-respublikasi... саҳифа орқали рўйхатдан ўтишган. Бироқ бу сўнгги чегара эмас ва мусобақада қатнашиш истагидаги юртдошларимиз бемалол, ҳозирнинг ўзида юқорида кўрсатилган манзил орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Онлайн Ўзбекистон мусобақасида ҳар куни ўртача 2 мингга яқин шахматчи ғолиблик учун ўзаро дона суришмоқда. Ва ҳар бир турнир якунига кўра энг кучли 10 нафар шахматчи саралаб олинмоқда. Улар эса шу йил 20 декабрь куни Тошкентда ўтказиладиган Grand Final ғолиблиги ва албатта «Spark» автомобилини қўлга киритиш учун ўзаро баҳслашади.

Муҳим эълон: 24 июль куни CHESS.COM платформасида юзага келган техник носозликлар туфайли шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон мусобақасида 5-турнир баҳслари якунига етмай қолди. Шу сабабли 24 июль кунги ўйин натижалари инобатга олинмайди ва мазкур турнир 30 июль куни маҳаллий вақт билан соат 20:00да бошланади.

3 100
ЎзА