ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Олимпиячиларимизнинг бугунги ўйини ҳақида

Олимпиячиларимизнинг бугунги ўйини ҳақида

Терма жамоамиз Таиландда давом этаётган 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати – Олимпиада саралаш ўйинларида гуруҳ учрашувларини ниҳоясига етказишди.

Учинчи тур олдидан Любино Друлович устозлигидаги терма жамоамизнинг аҳволи ёмон эмасди, шу билан бирга яхши деб атаб ҳам бўлмасди. Гарчи иккинчи турдан кейин ўзбекистонликлар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб турган бўлсаларда, вазият мақтагудек ҳам эмасди. Сўнгги турдаги рақибимиз гуруҳ пешқадами, навбатдаги босқичга аллақачон чиқиб бўлган қитъанинг етакчиларидан бири Жанубий Корея эди. Бунинг устига, Эрон термаси ҳам тақдиримизга хавф солиб турганди. Биз мағлуб бўлсаку, эронликлар йирикроқ ҳисобда хитойликларни енга олса Олимпиада ўйинлари биз учун яна армонлигича қолиб кетиши муқаррар эди.

photo5258144898341776514.jpg

Олимпиячиларимиз рақибларига қарши учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. Жонг Сунг Воннинг узоқ масофадан берган зарбаси Оҳ Се Хунга теккан ҳолда дарвозамиздан жой олди. Шундан кейингина футболчиларимиз “уйғонишди”. Кўп ўтмай ҳамюртларимиз ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Бобир Абдихолиқов тўпни жарима майдончаси ичида боши билан дарвозага йўллади. Унинг зарбасини эса Сонг Бум Кун бартараф эта олмади. 

Иккинчи бўлимнинг ярмигача футболчиларимиз ташаббусни рақибларига топшириб қўйишмади. Шундай бўлсада, қайд этилган хавфли вазиятларда тенглик кузатилди. Шундай вазиятда омад кореяликларга кулиб боқди. Оҳ Се Хуннинг жарима майдончаси яқинидан ноқулай вазиятда берган зарбасини дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов бартараф қайтара олмади.

photo5258144898341776539.jpg

Гарчи мағлубиятга учраётган бўлсакда, гуруҳимизнинг иккинчи ўйинида, бизнинг тақдиримизга тегишли бўлган Эроннинг Хитойга қарши ўйини ҳисоби ҳам бизнинг фойдамизга ишлаб турганди. Кутилмаганда эронликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шунда ҳам ҳали имкониятларимиз сақланиб турганди. Фақат буёғини шу ҳолатда сақлаб туриш талаб этилаётганди. Эрон бошқа гол урмаслиги, бизникилар эса дарвозаларидан учинчи голни ўтказиб юбормасликлари лозим эди. Хайрият, барчаси биз хоҳлагандек якун топди. 

Олимпиячиларимиз чорак финалга йўлланма олишди. Бироқ Кореяга қарши ўйиндан, рости, кўнгиллар тўлмади. Футболчиларимиз бу гал Хитойга қарши ўйиндаги шижоатини кўрсата олишмади. Майли, нима бўлган тақдирда ҳам ягона мақсад сари интилишимиз, одимимиз давом этяпти. Олдиндаги тўрт кун ичида йўл қўйилган хатолар муҳокама этилишига, тўғри хулосага келинишига ишонамиз. Чорак финалда рақибимиз ким бўлишини эса эртага билиб оламиз – БААми ё Иордания, балки Вьетнам бўлар. Ким бўлишидан қатъий назар ўз ўйинимизни намойиш этишимиз, Ўзбекистон термаси қитъанинг кучлиларидан бири эканлигини исботлай олишимиз шарт...

5 413
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА