ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Олимпия ўйинлари машъаласи Японияда қолади

Олимпия ўйинлари машъаласи Японияда қолади

Шу йил ёзда Токиода ўтказилиши режалаштирилган Олимпиада ўйинлари 2021 йилга кўчирилгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Ўйинлар санасининг кўчирилишига коронавирус пандемияси сабаб бўлди. Ўйинларнинг кўчирилиши Халқаро олимпия қўмитаси ва Токио ўйинлари ташкилий қўмитасининг қўшма баёнотида маълум қилинди.

Баёнотда таъкидланишича, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари санасининг кўчирилиши борасида Япония бош вазири Синдзо Абэ ва ХОҚ президенти Томас Бах ўртасида келишувга эришилди. Унга кўра Олимпия ўйинлари келаси йили Токиода бўлиб ўтади. Бунда “Олимпия ва Паралимпия ўйинлари – Токио 2020” деган ном сақлаб қолинади.

Японияга олиб борилган Олимпия олови эпидемия қамраб олган дунё учун “умид маёғи” сифатида Японияда қолади, дейилади баёнотда.
Мазкур қўшма баёнотдан аввалроқ Олимпиаданинг кўчирилиши юзасидан Синдзо Абэ баёнот берган, Reuters агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтирган эди.

Бундан аввалроқ Япония ҳукумати ва ХОҚ Олимпиада ўз вақтида – 24 июлдан 9 августга қадар бўлиб ўтишини маълум қилган эди. Бироқ бир қатор давлатлар спорт қўмиталари ХОҚга мурожаат қилиб коронавирус пандемияси сабабли ўйинлар кейинга қолдирилишига чақириқ билан чиққан эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ касаллик туфайли футбол бўйича Европа чемпионати кечиктирилган, хоккей бўйича жаҳон чемпионати бекор қилинган эди.