ЎзА Ўзбек

20.03.2020 Чоп этиш версияси

Олимпиадага тайёргарлик

Олимпиадага тайёргарлик

Қарор ва ижро

Айни пайтда бутун дунёда кенг тарқалиб бораётган коронавирус пандемияси сабаб кўплаб сайиллар, спорт ва маданий тадбирлар бекор қилинаётгани барчамизга маълум. Шундай бўлса-да, бу тақиқлар жорий йилнинг энг йирик спорт мусобақаларидан бири – Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХII Олимпия ўйинларига таъсир этмайди.Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ҳар қандай шароитда бўлса ҳам, мусобақанинг ўз вақтида ўтиши бўйича расмий баёнот берди ва барча атлетларни Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришга чақирди.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳозир Олимпиада йўлланмасига сазовор бўлган Светлана Радзивил ва мазкур мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишга яқин турган Надия Дусанова, Екатерина Воронина ҳамда Дмитрий Мельситов иштирокида Янгиобод шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ташкиллаштирмоқда.

Федерация томонидан спортчиларимизнинг Олимпия ўйинларига йўлланма олиши ва унда муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида тайёргарлик ишлари махсус режа асосида олиб борилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалгани боис, ҳар бир спортчининг машғулотлари федерация мутасаддилари ва тиббий ходимларнинг қатъий назоратида бўлиб, улар кунига 3 маҳал белгиланган текширувдан ўтказилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозир мамлакатимиздаги барча спорт иншоотлари зарур дезинфекцияловчи воситалар билан таъминланган ва машғулотлар карантин режимида ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги қaрори бу борaдaги ишлaрни изчил, тизимли вa янгичa aсосдa йўлгa қўйишдa муҳим дaстурилaмaл бўлмоқдa.

Ҳозирча делегациямиз ҳисобида XXXII ёзги Олимпия ўйинлaрининг 21 йўлланмаси бор.

Шоҳсупага кўтарилиш – ҳар бир спортчининг энг катта орзуси. Шу сабабли ҳам енгил атлетикачиларимиз XXXII ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёрланмоқда. Ишонамизки, атлетларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, Токиодан медаллар билан қайтади.

3 109
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА