ЎзА Ўзбек

07.01.2020 Чоп этиш версияси

Олимпиада саралаш ўйинлари бошланишига бир кун қолди

Олимпиада саралаш ўйинлари бошланишига бир кун қолди
9 январь куни Ўзбекистон олимпия терма жамоамиз Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати ўйинларини Эронга қарши баҳс билан бошлайди.

Хўш, футболчиларимиз мазкур жиддий ўйинларга тайёрми. Учрашув олдидан терма жамоамиз бош мураббийи Любинко Друловичнинг фикрлари қандай?

– Жамоамиз мусобақага тайёргарликни давом эттиряпти, — дейди бош мураббий ОАВ вакилларига қисқа интервью берар экан. — Таркибда иқтидорли йигитлар жамланган. Олдинда бизни жуда қийин учрашувлар кутиб турибди. Зеро Эрон ҳам, Хитой ва Жанубий Корея ҳам қитъада ўз ўрнига эга кучли жамоалар. Лекин уларни ҳурмат қилган ҳолда айтаманки, биз ҳар бир рақиб билан тенгма-тенг ўйнашга шаймиз. Аввалги мусобақада Ўзбекистон ғолибликни қўлга киритган, шу боисдан мухлислар биздан бу гал ҳам муваффақиятли иштирок кутишади. Биз ўзбекистонлик футбол мухлисларига Олимпиада йўлланмасини тақдим этиш учун бор куч ва маҳоратимизни ишга соламиз.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мусобақадаги дастлабки ўйинини 9 январь куни Эрон олимпиячиларига қарши ўтказади. Беллашув Сонгхла шаҳридаги “Тинсуланон” стадионида маҳаллий вақт билан соат 17:15да (Тошкент вақти билан соат 15:15да) бошланади.

Гуруҳдаги иккинчи учрашув 12 январь куни Хитой терма жамоасига қарши ўтказилади ва баҳс 16:15да старт олади. Иккинчи учрашув ҳам Сонгхла шаҳридаги “Тинсуланон” стадионида бўлиб ўтади.

Гуруҳдаги 3-тур ўйини эса Жанубий Корея термасига қарши кечади. Мазкур ўйин 15 январь куни Бангкокка қўшни Патум Тани шаҳридаги “Таммасат” стадионида соат 13:15да бошланади.

1 243
Ойбек Юнусов, ЎзА