ЎзА Ўзбек

14.05.2019 16:13 Чоп этиш версияси

Ғолиб теннисчи 7200 доллар олади

Ғолиб теннисчи 7200 доллар олади

Самарқанд шаҳридаги “Динамо” теннис кортларида халқаро теннисчилар уюшмаси тақвимидан ўрин олган "Челленжер" мусобақаси бошланди.

— Ўн беш йилдан буён Самарқандда теннис бўйича "Челленжер" турнири юқори савияда ўтказиб келинади, — дейди мусобақа супервайзери Андрей Карнилов. — Ўтган давр мобайнида мутасаддиларнинг мусобақага бўлган юксак эътибори натижасида ҳар йилги баҳслар қизиқарли ўтиб, иштирокчилар сони ортиб бормоқда. Жорий йилги баҳсларда 24 давлатдан 53 нафар маҳоратли теннисчи иштирок этмоқда. Албатта, спорт мусобақалари мухлислар олқиши, қўллаб-қувватлаши билан янада қизиқарли ўтади. 

photo5393477105930578584.jpg

Самарқандда мухлисларнинг мадади теннисчиларга куч бағишламоқда. Ўйлайманки, бу йилги мусобақа шиддатли ва қизиқарли баҳсларга бой бўлади.
Таъкидлаш жоизки, мусобақада мамлакатимиз теннисчиларидан 8 нафари иштирок этаётган эди. Асосан ёш теннисчилардан иборат вакилларимиз яккалик баҳсларининг саралаш ва биринчи босқич ўйинларидаёқ иштирокларини тўхтатди. Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида ҳамюртларимиз курашни давом эттирмоқда.

Соврин жамғармаси 54 160 АҚШ долларидан иборат халқаро мусобақа ғолиблари 19 май санасида аниқланади. Бунда яккалик баҳсларининг финалида ғолиб бўлган теннисчи 7200 АҚШ долларини қўлга киритади. Жуфтлик баҳсларида ғалабага эришган спортчилар 3100 АҚШ долларини ўзаро тақсимлаб олишади.

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
1 355