ЎзА Ўзбек

12.01.2019 16:16 Чоп этиш версияси

Оғир атлетикачиларимиз Чирчиқдаги йиғинни якунлашди

Оғир атлетикачиларимиз Чирчиқдаги йиғинни якунлашди

Жорий йилда ҳам оғир атлетика бўйича Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар ва миллий терма жамоаларини жиддий ва масъулиятли мусобақалар кутиб турибди. Ўз навбатида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси спортчиларимиз олдига барча мусобақаларда юқори ўринлар учун курашиш вазифасини қўйган ва бунинг учун барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Жумладан, мамлакат ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 2019 йилги спорт мавсумига тайёргарликнинг дастлабки босқичини 2018 йилнинг 20 декабридан бошлаган эди. 10 январга қадар давом этган ўқув-машғулот йиғинлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида олиб борилди. Ушбу йиғин атлетларимиз учун март ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб берди.

Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларига қизларимиздан Нигора Сувонова, Кумушхон Файзуллаева, Нигора Абдуллаева, Муаттар Набиева, Турсуной Жабборова, Далера Давронова, йигитлардан Оғабек Нафасов, Мирҳосил Мирзабоев, Асадбек Наримонов, Оғабек Тўхтаев, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Зайнобиддин Махамадаминов, Акбар Имомназаров каби спортчиларимиз жалб этилди.

Бир неча кунлик танаффусдан сўнг тайёргарликлар яна давом эттирилади. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати жорий йилнинг 8-15 март кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтади.

Катталар ўртасидаги жаҳон биринчилиги эса сентябрь ойида Тайланднинг Паттайя шаҳрида ташкил этилади. Мазкур мусобақада спортчилар Токио-2020 олимпиадасига рейтинг очколари ҳам ишлаб олишади. Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг энг кучли таркиби билан иштирок этиши кутилмоқда.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
1 852