ЎзА Ўзбек

01.04.2019 13:18:11 Чоп этиш версияси

Оғир атлетика: Ўзбекистон чемпионати ҳал қилувчи паллада


Хабар берганимиздек, айни кунларда Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети манежида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда. Шуниси эътиборлики, мамлакат чемпионатида терма жамоамиз аъзолари ҳам ғолиблик учун кураш олиб боришаяпти.

Кеча бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Аммо, кўпчилик мухлисларнинг эътибори шу куни 73 кг.гача бўлган вазн тоифасидаги баҳсларга қаратилди. Сабаби, ушбу вазнда бирйўла икки номдор полвонимиз – Достон Ёқубов ва Адҳамжон Эргашев ўзаро рақобатлашди.

Дастлаб полвонлар даст кўтариш машқида омадларини синаб кўрди. Ушбу йўналишда Адҳамжон Эргашевнинг қўли баланд келди – у 145 кг.лик тошни ўзига бўйсундирган ҳолда кичик олтин медалга сазовор бўлди. Достон эса ундан атиги бир килогина паст натижа қайд этди ва кумуш медаль билан тақдирланди.

Навбат силтаб кўтариш машқига келди. Бу йўналишда Достоннинг рақибларидан катта устунликка эга эканлиги натижада ҳам аксини топди: Ёқубов силтаб кўтаришда 182 кг. натижа билан энг яқин таъқибчиси Адҳамжон Эргашевни нақд 7 килога ортда қолдириб, кичик олтин медални қўлга киритди. Икки курашда ҳам табиийки Достон ғолиб чиқди. Ушбу вазн тоифасида кучли учликка андижонлик Ҳасанбой Тоҳиров якун ясаб берди.

Шунингдек, кеча қизлар ўртасида -71 кг., -76 кг., -81 кг., -87 кг. ҳамда +87 кг. вазн тоифаларида ҳам ғолиблар аниқланди.

Оғир атлетика. Ўзбекистон чемпионати

Эркаклар. -73 кг:

1. Достон Ёқубов (Тошкент вилояти) – 326 кг (144 кг + 182 кг)

2. Адҳамжон Эргашев (Наманган) – 320 кг (145 кг +175 кг)

3. Ҳасанбой Тоҳиров (Андижон) – 302 кг (135 кг + 167 кг)

Аёллар. -71 кг:

1. Хуснора Хабирова (Андижон) – 200 кг (87 кг + 113 кг)

2. Лайло Хурсанова (Наманган) – 199 кг (92 кг + 107 кг)

-76 кг:

1. Нилуфар Курязова (Хоразм) – 187 кг (85 кг + 102 кг)

2. Қизлархон Абдуҳамидова (Наманган) – 154 кг (74 кг + 80 кг)

-81 кг:

1. Турсуной Жабборова (Қашқадарё) – 202 кг (94 кг + 108 кг)

2. Зебо Муродалиева (Андижон) – 150 кг (65 кг + 85 кг)

-87 кг:

1. Динахон Тожиева (Қорақалпоғистон) – 188 кг (80 кг + 108 кг)

2. Зебо Мамаражабова (Навоий) – 141 кг (64 кг + 77 кг)

+87 кг:

1. Долера Давронова (Навоий) – 222 кг (93 кг + 129 кг)

2. Шодмоной Очилова (Қашқадарё) – 160 кг (75 кг + 85 кг)

Эртага мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ўртасида оғир вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтади.