ЎзА Ўзбек

05.11.2018 Чоп этиш версияси

Эргашев рекорд ўрнатганди, Ёқубов кумуш медалли бўлди

Эргашев рекорд ўрнатганди, Ёқубов кумуш медалли бўлди

Спортчиларимиз жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли юришларини бошлашди.

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтаётганлиги ҳақида хабар берган эдик. Мусобақанинг кеча бўлиб ўтган баҳсларида ўзбекистонлик иштирокчилар билан боғлиқ иккита хушхабар юз берди. 

Бирида -61 кг вазн тоифасида вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Адҳамжон Эргашев даст кўтаришда 136 кг., силтаб кўтаришда 157 кг., умумий ҳисобда 293 кг. натижа қайд этиб, жаҳон чемпионатида олтинчи ўринни банд этгани билан, 136 кг. натижа орқали 19 ёшли ҳамюртимиз ёшлар ўртасидаги рекордни янгилади.

Кеча шунингдек, терма жамоамизга илк медаллар ҳам тақдим этилди. -67 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Достон Ёқубов даст кўтаришда 139 кг., силтаб кўтаришда 180 кг. тош кўтарди ва умумий ҳисобда 319 кг. натижа кўрсатди. Унинг силтаб кўтаришдаги 180 кг. натижаси мусобақада иккинчи кўрсаткични қайд этди ва ҳамюртимиз кумуш медалга сазовор бўлди.

Мусобақанинг бош мукофотига асосий даъвогарлардан ҳисобланган Руслан Нурутдинов (-109 кг.) ва Рустам Жангабаев (+109 кг.) ўз чиқишларини 9 ва 10 ноябрь кунлари амалга оширишади.

2 143
Ойбек Юнусов, ЎзА