ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати олдидан матбуот-анжумани ўтказилди

Оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати олдидан матбуот-анжумани ўтказилди

Хабарингиз бор, шу кунларда оғир атлетика ишқибозлари нигоҳи “Ўзбекистон” спорт мажмуасига қаратилган. Бу ерда ушбу спорт тури бўйича катталар ўртасида олтинчи Халқаро бирдамлик мусобақаси зўр муваффақият билан ўтказилган бўлса, бугундан ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионатига старт берилади. Эътиборлиси, ҳар икки мусобақа ҳам Токио-2020 олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим этади.

Таъкидлаш керак, мазкур мусобақаларни бевосита кузатиб бориш ҳамда иштирок этиш учун дунё оғир атлетикасининг юқори мартабали вакиллари айни кунларда пойтахтимизда бўлиб туришибди. Шу муносабат билан куни кеча “Ўзбекистон” спорт мажмуасида мазкур мусобақаларга бағишланган матбуот-анжумани ташкил этилди. Унда Халқаро оғир атлетика федерацияси (ХОАФ) Бош котиби Муҳаммад Жалуд, Халқаро оғир атлетика федерацияси вице-президенти Хосе Гонсалес Куиньинос, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Мендибоев ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Дастлаб халқаро ташкилот вакиллари мусобақа ҳақидаги ўз фикрларини билдиришди.

4.jpg

- Ўзбекистон ҳамиша халқаро мусобақаларни юқори савияда ташкил этиб келган. Баъзи давлатлар учун бу каби мусобақаларни қабул қилишга 6 ой, ҳатто бир йил ҳам камлик қилади. Ўзбекистон эса атиги уч ой ичида бир эмас, балки иккита мусобақани юқори савияда ташкил эта олишини исботлади. Бунга ўзимиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин энди катталар ўртасидаги дунё биринчилигини ҳам Ўзбекистонга бериш масаласини ўйлаб қолдик. Транспорт тизими, спортчиларга яратилган шароитлар, хуллас барча-барчаси аъло даражада. Бутун дунёга коронавирус хавф солиб турган айни пайтда Халқаро бирдамлик мусобақасида 48та мамлакат вакиллари иштирок этишди. Бу ҳам дунё спортчилари Ўзбекистонни хавфсиз мамлакат сифатида билишидан нишона ва бу ҳам юртингизнинг яна бир ютуғи, – деди Муҳаммад Жалуд жаноблари.

- Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардим, Ўзбекистон Токио олимпиадасига рейтинг очколарини тақдим этадиган ҳар икки мусобақани ҳам сақлаб қолди. Аслида Халқаро бирдамлик мусобақаси Тунис, ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати эса Хитой Тайпейида ўтиши керак эди. Мамлакатингиз қисқа фурсат ичида ташаббус кўрсатиб, мусобақаларни мана шундай юқори савияда ташкиллаштира олди. Халқаро оғир атлетика федерацияси йиғилишларида биз доимо Ўзбекистонни юксак намуна сифатида кўрсатамиз, – дея қўшимча қилди Хосе Гонсалес Куиньинос.

2 (1).jpg

- Аввало, бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганлари учун ҳукуматимизга раҳмат айтмоқчиман. Қолаверса, бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг ҳам катта ёрдамини айтиб ўтишим керак. Улар бизни қўллаб-қувватламаганида мусобақамиз бундай савияда ўтмасди. Бундай нуфузли спорт мусобақалари маркетинг соҳасида айни муддао. Шунинг учун биз ҳам маркетинг йўналишида самарали фаолият олиб бордик ва бир қатор ташкилот ва компаниялар мусобақага ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш истагини билдирди. Фурсатдан фойдаланиб уларга ҳам миннатдорлик билдирамиз, - деди анжуманда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, мусобақа ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов.

Шунингдек, матбуот анжуманида терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Мендибоев мусобақада шогирдларининг иштироки ҳамда келгуси режалар борасида тўхталиб ўтди.

3.jpg

- Умуман олганда, шогирдларимнинг мусобақадаги иштирокларидан кўнглим тўлди. Шу билан бирга ишлашимиз керак бўлган баъзи жиҳатлар ҳам кўриниб қолди. Ҳали олдинда вақт бор ва кичик камчиликларни бартараф этишга улгурамиз. Халқаро бирдамлик мусобақасига келсак, йигитларимиз 9та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза, жами 14та медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритишди. Қизларимиз эса 7та олтин, 11та кумуш ва 3та бронза, жами 21та медалга сазовор бўлишди ҳамда улар ҳам умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Ўйлайманки, атлетларимиз Токио олимпиадасига ўзларининг энг юқори формасида етиб боришади ва мамлакатимизга медаллар тақдим этиш учун барча чораларни ишга солади. Акбар Жўраевнинг нега силтаб кўтариш машқида учинчи уринишга чиқмаганига келсак, у илк уринишидаёқ олтин медалларни нақд қилиб қўйди. Қолаверса, ундаги кичик жароҳатни ҳам инобатга олган ҳолда учинчи уринишдан воз кечдик. Негаки бу ҳолатда унинг жароҳати янада зўрайиши ва у олдимизда турган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси олдидан умидли спортчимизнинг саломатлигини хавф остида қолдириши мумкин эди, - деди Баҳром Мендибоев.

Бугун ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ҳам бошланди. Умид қиламизки, ёш атлетларимиз ака ва опаларига ҳар жиҳатдан муносиб эканликларини исботлайди. Бу йўлда уларга омад тилаймиз.

5.JPG

1 802
Отабек ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА