ЎзА Ўзбек

10.07.2018 09:18 Чоп этиш версияси

Оғир атлет ва шахматчиларимиздан умидимиз катта

Оғир атлет ва шахматчиларимиздан умидимиз катта
Спортчиларимиз айни кунларда турли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, юрт довруғини кўтаришда давом этишмоқда. Жумладан, Тошкентда оғир атлетларимиз Жаҳон чемпионатида, Шри-Ланкада эса ёш шахматчиларимиз Осиё чемпионатидаги муваффақиятли юришларини давом эттиришяпти. 

Тошкентда ўтаётган Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг старти кўнгилдагидек бўлди. -62 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этаётган Адҳамжон Эргашев ҳар уччала йўналишда (даст кўтариш, силтаб кўтариш ва умумий натижа) биринчи ўринни қўлга киритиб, ўзбекистонликларнинг муваффақиятли иштирокини бошлаб берганди. 
Бугун чемпионат доирасида аёллар ўртасида -63кг, эркаклар ўртасида эса -77кг вазнли спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб борадилар. Аёллар ўртасида юртдошимиз Кумушхон Файзуллаева супачага чиқса, эркаклар ўртасидаги баҳсларда Ғайрат Айтмуратов мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. 

4917ac6b-7232-489c-82cf-57f89be7147f.jpg

Кеча, шунингдек, Шри-Ланка давлатининг Васкадува шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги 14-Осиё чемпионатининг стандарт йўналиши бўйича баҳслари бошланди. Қитъа чемпионати 7,9,11,13,15 ҳамда 17 ёшли мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилмоқда. Бир кун аввал шахматнинг рапид йўналиши бўйича ўтказилган баҳсларда ҳамюртларимиз 11та медални қўлга киритишганди. Медалларнинг тўрттаси олтин, учтаси кумуш ва яна тўрттаси бронза бўлди. Олтин медаллилар - Ҳумоюн Бекмуродов 9 ёшли шахматчилар ўртасида 7 имкониятдан 6,5 очко тўплади, Афруза Ҳамдамова ҳам 9 ёшлилар мусобақасида 6,5 очко, Олмос Раҳматуллаев 13 ёшли шахматчилар турнирида 6 очко, Умида Омонова ҳам 13 ёшлилар орасида 7та партиянинг барчасида ғалаба қозонди.

8e62f8c0-3b66-424b-b8f9-0711b068e508.jpg

Зилола Актамова 11 ёшлилар орасида, Али Қосимов 15, Абдумалик Абдисалимов эса 17 ёшли шахматчилар ўртасида кумуш медал билан тақдирланди. Етти ёшли болалар мусобақасида қатнашган Тоҳир Неъматов, 11 ёшлилар гуруҳи иштирокчиси Давлатбек Маҳмуджонов, 17 ёшли қизлар турнирида имкониятини синовдан ўтказган Ситора Сапарова, айнан шу ёшдаги ўғил болалар ўртасида Муҳаммадали Абдураҳмонов бронза медалига сазовор бўлишди. 

Бугун Осиё чемпионати иштирокчилари стандарт шахмат бўйича медаллар шодаси учун баҳсларга киришишади.

Ойбек Юнусов, ЎзА
5 856