ЎзА Ўзбек

16.03.2020 Чоп этиш версияси

Нуротада энг кучли полвонлар беллашди

Нуротада энг кучли полвонлар беллашди
Навоий вилоятининг Нурота туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 15-16 ёшли йигит-қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда мамлакатимиз белбоғли кураш федерацияси томонидан ёшлар ўртасида миллий қадриятларимизни янада оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунатазам шуғулланишлари учун имконият яратиш ва белбоғли кураш бўйича янги номларни кашф этиш мақсадида ташкил этилган мамлакат кубогида юртимизнинг барча ҳудудидан келган 300 дан ортиқ ёш полвон эркин ва классик йўналишда ўзаро беллашди.

Ўғил болалар ўртасидаги классик йўналишда ўтган беллашуларда Шуҳратбек Қирғизбоев, Изатилла Жуманов, Самандар Солиев, Камронмирзо Исмоналиев, Ҳаётбек Камолиддинов, Жаҳонгир Эшқўзиев, Илёсбек Ёқубжонов, Файзулло Муфтиллаев, Самандар Анваров, Хуршидбек Йўлдошев, Илёсбек Мирзаҳматов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Эркин йўналишда куч синашган қизлар ўртасида Мўлдир Алимбоева, Мадина Акрамова, Ясмина Содиқова, Сайёра Муратбоева, Моҳинур Раҳмонова, Ойдинахон Отақулова ҳамда Ўғилой Салимова олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, мусобақада ўғил болалар ўртасида ҳам эркин йўналишда ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди. Ўзбекистон кубоги якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Ўзбекистон кубогида 71 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этдим. Ҳар бир босқичда ўтган беллашувларда рақибларим жиддий қаршилик кўрсатди, – деди андижонлик Х.Йўлдошев. – Мусобақада мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари ва ғалабага бўлган интилишим сабаб, икки йўналишда олтин медални қўлга киритдим.




3 324
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА