ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Нодирбек Ёқуббоев Абу Дабидан 7 500 АҚШ доллари билан қайтади

Нодирбек Ёқуббоев Абу Дабидан 7 500 АҚШ доллари билан қайтади

6-11 август кунлари БААнинг Абу Даби шаҳрида 26-маротаба ташкил этилган Абу Даби халқаро шахмат фестивали (26th Abu Dhabi International Chess Festival) бўлиб ўтди.

Нуфузли мусобақада шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари, халқаро гроссмейстерлар Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов ҳамда Ўзбекистон чемпиони Жавоҳир Синдоров ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизматининг бизга хабар қилишича, 9 турдан иборат мазкур мусобақада 7,0 очко жамғарган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 2-ўринни қўлга киритган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 6,0 очко билан 16-ўринни эгаллади. Энг ёш Ўзбекистон чемпиони Жавоҳир Синдоров эса 5,5 очко билан 28-поғонадан жой олди.

Мусобақанинг расмий сайти adchessfestival.ae келтирган маълумотларга кўра, Абу Даби халқаро шахмат фестивалида дунёнинг 27 давлатидан 55 нафар гроссмейстер (шундан 7 нафари аёл), 34 нафар халқаро тоифадаги спорт усталари (10 нафар аёл), жами 150 нафар шахматчи қатнашган. Бу эса мусобақа нуфузи анча баланд эканлигини кўрсатади.

Турнирда энг баланд рейтингли шахматчи сифатида украиналик Юрий Криворучко ғолиблик учун дона сурган бўлса-да, 1-ўринни грузиялик Баадур Жобава қўлга киритди. Мусобақада 2-ўринга сазовор бўлган халқаро гроссмейстер, Халқаро Шахмат академияси тингловчиси Нодирбек Ёқуббоевга кумуш медаль билан бирга 7 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти ҳам топширилди.

4 992
ЎзА