Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2018 21:33 Чоп этиш версияси

"Насаф" йирик ҳисобда енгилди

"Насаф" йирик ҳисобда енгилди Осиё чемпионлар лигасининг тўртинчи турида “Насаф” сафарда “Ал Садд”га қарши ўйин ўтказди.

Доҳа шаҳридаги “Жассим Бин Ҳамад” стадионида ўтказилган ўйиннинг учинчи дақиқасида тажрибали испаниялик футболчи Хави ҳисобни очган бўлса, Абдулкарим Ҳасан 15-дақиқада “Ал Садд” жамоасини 2:0 ҳисобида олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим якунланишига 2 дақиқа қолганда Бағдод Бунеджа "Насаф" дарвозасига учинчи голни киритди.

Иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасида Жугурта Ҳамрун ўз ҳисобига гол ёздирди ва жамоасининг йирик 4:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

"С" гуруҳининг иккинчи ўйини Дубай шаҳрида "Ал-Васл" (БАА) ва "Персеполис" (Эрон) жамоалари ўртасида ўтди. Мазкур учрашувнинг 37-дақиқасида Камал Камябиниянинг ягона голи "Персеполис"га муҳим уч очкони келтирди.

Тўртинчи турдан сўнг ушбу гуруҳда  “Ал Садд” ва "Персеполис" жамоалари 9 очко топлаган ҳолда биринчи ва иккинчи поғонага чиқиб олди. "Насаф" клуби 6 очко билан учинчи поғонада бораётган бўлса,"Ал-Васл" ҳали бир очко ҳам жамғара олмади.

Осиё чемпионлар лигасининг бешинчи тури 2 апрель куни ўтказилади. Унда "Насаф" ўз майдонида "Персеполис"ни қабул қилса, “Ал Садд” Қатарда "Ал-Васл"ни қабул қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
11 041