Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.01.2017 16:09 Чоп этиш версияси

Наманган вилоятида қишки сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди

Наманган вилояти Чуст туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг янгидан бунёд этилган замонавий сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди.

Янги сув спорти иншоотининг очилиш маросимида вилоятда спортнинг барча турлари ривожланаётгани, наманганлик спортчилар эришаётган юксак марралар мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган шароит ва имкониятлар самараси экани таъкидланди.

– Мамлакатимизда спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, спорт иншоотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган доимий эътибор ёш авлоднинг соғлом ва баркамол улғайиши, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Чуст тумани вакили Абдуқаюм Абдусамадов. – Жамғарма ташкил этилгандан буён ўтган йиллар давомида туманда 11 болалар спорт иншооти барпо этилди. Айни пайтда уларда 6 ёшдан 19 ёшгача бўлган 29 мингга яқин ёшлар, жумладан 19 мингдан зиёд қизлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Замонавий қурилиш технологиялари асосида барпо этилган мазкур сузиш ҳавзаси спортсевар ёшлар учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди.

“Косонсой қурилиш сервис” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан барпо этилган қишки сузиш ҳавзасига жамғарма ҳисобидан 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Сувни иситиш, тозалаш ва янгилаб туриш илғор ва тежамкор технологияларга асосланади. Кийиниш, ювиниш хоналари замонавий жиҳозланган, спортчи ва мураббийлар учун барча қулайликлар яратилган.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
3 418






Все о погоде - Pogoda.uz