ЎзА Ўзбек

24.12.2019 Чоп этиш версияси

Наманган улоқ-кўпкари бўйича республика чемпионатига мезбонлик қилади

Наманган улоқ-кўпкари бўйича республика чемпионатига мезбонлик қилади

Шу йилнинг 25-28 декабрь кунлари Наманган шаҳрининг Марказий отчопарида республика Улоқ-кўпкари чемпионати бўлиб ўтади.

Унда республикамизнинг барча вилоятлардан ташриф буюрган 12 та жамоа ғолиблик учун баҳслашади.

Айни пайтда мазкур мусобақага Ўзбекистон Улоқ – кўпкари федерацияси томонидан пухта тайёргарлик кўрилиб, унинг мезонлари Халқаро Улоқ – кўпкари федерацияси низомларига мувофиқ шакллантирилган.

Мусобақа дастур режасига кўра, майдонда ҳар бир баҳсда битта жамоадан ўн икки нафар чавандоз ва улоқчи от, жами йигирма тўрт нафар иштирокчи қатнашади.

Беллашувни бир нафар бош ҳакам ва икки нафар ёрдамчи ҳакам бошқариб боради.

Ғолиблик белгиланган муддат ичида рақиб жамоа сомони – доира шаклидаги маррага киритилган натижалар асосида аниқланади.

Дейлик, қайси гуруҳ рақиб сомонига улардан кўп така айириб ташласа ғолиб ҳисобланади. Биринчи босқичда ютган гуруҳ, иккинчи босқичга йўл олади. Мутлоқ ғолиблик учинчи босқич натижаларига кўра аниқланади.

Ҳар бир жамоа ўн икки нафар чавандоз ва улоқчи от, бир нафар жамоа сардори, бир нафар мураббий ва бир нафар отбоқардан иборат бўлади.

Ҳакамлар жамоаси Халқаро Улоқ – кўпкари федерацияси низомига мос тарзда бир нафар бош ҳакам, икки нафар бош ҳакам ёрдамчиси, бир нафар бош котиб, икки нафар бош котиб ёрдамчиси, беш нафар майдон ҳаками, бир нафар вақт назоратчиси ва бир нафар мусобақа сухандонидан ташкил топган.

Ушбу нуфузли мусобақага тайёргарлик асносида Ўзбекистон Улоқ – кўпкари федерацияси томонидан ҳар бир чавандозга код рақами берилиб, тегишли тартибда федерация сертификати топширилди.

Мусобақа натижаларга кўра, биринчи ўринни олган жамоа 30.00000 (ўттиз миллион) сўм, иккинчи ўринни олган жамоа 20.00000 (йигирма миллион) сўм, учинчи ўринни олган жамоа 10.00000 (ўн миллион) сўм пул ва бошқа мукофотлар билан тақдирланади.

Улоқ-кўпкари федерацияси
Матбуот хизмати

4 514
ЎзА