ЎзА Ўзбек

04.03.2019 Чоп этиш версияси

“Нафосат-2019” ғолибларини спорт афсонаси тақдирлади

“Нафосат-2019” ғолибларини спорт афсонаси тақдирлади

Юртимизга баҳор фаслининг кириб келиши ҳамиша ўзгача хурсандчилик билан қарши олинади. Табиат билан бирга мамлакатимизда спорт мавсуми ҳам уйғонади, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида бу йил баҳор фаслини ўзгача кайфиятда қарши олди. Жумладан, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан юртимизда илк маротаба “Нафосат-2019” аёллар спартакиадаси ташкил этилди.

Nafosat-2019 (3).jpg

Мазкур йирик спорт анжуманида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги хотин-қизлар волейбол, баскетбол, гандбол, стол тенниси, велоспорт ва бадминтон каби спорт турларида ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.

1-2 март кунлари пойтахтимизда мусобақанинг финал босқичи ўтказилган бўлса, куни кеча “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ғолиб ва совриндорларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда кўплаб соҳалар қатори хотин-қизлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, бу жараёнда аёллар спортини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилаётганига тўхталиб ўтишди.

Nafosat-2019 (4).jpg

Тадбир давомида умумжамоа ҳисобида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мусобақа якунларига кўра умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Тошкент шаҳри вакилларига насиб этди. Улар 6 та олтин ва битта кумуш медаль билан таъқибчиларини сезиларли даражада ортда қолдирди. 2-ўринни эса иккита олтин ҳамда биттадан кумуш ва бронза медалига сазовор бўлган Қорақалпоғистон Республикаси спортсевар аёллари қўлга киритган бўлса, ягона олтин медаль билан Қашқадарё вилояти жамоаси кучли учликни якунлаб берди.

Ғолиб ва совриндорларни жаҳон спортининг афсонаси, енгил атлетиканинг лангарчўпга таяниб сакраш йўналишида икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, кўп карра жаҳон рекордчиси ҳисобланмиш Елена Исинбаева тақдирлади.

Ўз навбатида россиялик машҳур спортчи Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ривожи йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўлқинланиб сўзлар экан, мамлакатимизга 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлигини қўлга киритиш йўлидаги курашда омад тилади.

Шуни таъкидлаш жоиз, саҳналаштирилган бадиий дастур йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди ва меҳмонлар тадбирдан бир олам қувонч билан қайтишди.

Nafosat-2019 (5).jpg

Nafosat-2019 (6).jpg

Nafosat-2019 (7).jpg

Nafosat-2019 (8).jpg

Nafosat-2019 (10).jpg

Nafosat-2019 (11).jpg

3 896
Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА