Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 14:46 Чоп этиш версияси

Мустаҳкам ишонч ва ирода тарбияси

Ўзбек жанг санъати – ҳалоллик, сабр-тоқат, камтарлик, ўзликни англаш, ирода каби халқимизнинг бетакрор фазилатларини ўзида мужассам этган миллий спорт туридир. Бугунги кунда ўзбек жанг санъати билан шуғулланаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Бу эса ўғил-қизларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилаётир.

2009 йилда ташкил этилган Ўзбекистон ўзбек жанг санъати федерацияси томонидан мазкур спорт турини янада оммалаштириш, машғулотларни юқори савияда ташкил этиш, спортчиларнинг тажриба ва маҳоратини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, малакали мураббийлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилган секцияларда 30 мингдан зиёд ўғил-қиз мазкур спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

– Спортчиларимизнинг ҳаммаси ҳам юқори натижаларга эришмаслиги мумкин, муҳими, улар жисмоний тарбия ва спорт билан бир умрга дўстлашади, ўзини ўзи тарбиялаш, интизомга ўргатиш, камчилик ва нуқсонлардан халос бўлиш, синовларни енгиб ўтишни ўрганади, Ватан равнақи учун хизмат қиладиган йигит-қизлар бўлиб етишади, – дейди федерация раиси Пўлат Усмонов. – Машғулотлар жараёнида шогирдларимизнинг маънавий юксалишига ҳам катта эътибор қаратамиз. Зеро, бу ўзбек жанг санъатининг муҳим талабларидандир. Инсоннинг маънавияти юксалиши билан унинг иродаси ҳам кучайиб боради. Ирода – бу аслида мустаҳкам ишонч демакдир. Иродаси бақувват одам ўзига ишонади ва ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам ўз зиммасига олишдан чўчимайди.

Ушбу спорт тури билан олти ёшдан бошлаб шуғулланиш мумкин. Болаларга дастлаб ўзбек жанг санъатининг бошланғич кўникмалари – соғломлаштириш машғулотлари ўргатилади. Бундай машқлар эрталабки бадантарбия ёки соғломлаштириш гимнастикаси каби бола танасининг жисмонан чиниқишига хизмат қилади. Кейин уларга ўзбек жанг санъатининг бошқа йўналишлари пухта ўргатилиб, мусобақаларга босқичма-босқич тайёрлаб борилади.

– Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг соғ-саломат, яхши хулқли ва билимли бўлиб улғайишини орзу қилади, – дейди ўзбек жанг санъати бўйича аёллар терма жамоаси мураббийи Шаҳноза Зуҳриддинова. – Бунинг учун уларни эрта ёшдан спорт турларига жалб қилиш муҳимдир. Шундагина спорт уларнинг ҳаётида доимий ҳамроҳ бўлиб қолади.

Бугун ўзбек жанг санъати билан шуғулланаётган ўғил-қизлар орасида мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келаётган ёшлар кўп. Жасур Серикбоев, Аҳмад Турдиохнов, Жасур Аҳмаджонов, Муҳаммад Ҳакимов, Зоҳид Абдураззоқов, Жавлон Есенқулов, Зуҳра Умурзоқова, Мафтуна Икромова, опа-сингил Карина ва Сабина Ким, Гўзал Раҳимова каби йигит-қизлар мамлакатимиз чемпионатлари ва халқаро турнирларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Айниқса, истеъдодли спортчи Карина Кимнинг ютуқлари таҳсинга лойиқ.

Карина 2012 йилдан мазкур спорт тури билан мунтазам шуғуллана бошлади. Ўша йили у Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади. Халқаро майдондаги илк ғалабасига 2015 йили Жанубий Кореянинг Чонг-Жу шаҳрида ўтган Бутунжаҳон яккакурашлар фестивалида эришди. Шунингдек, Карина ўтган йили Россия, Португалия, Италия ва Қозоғистонда ўтказилган мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди.

– Ўзбек миллий қадриятларини ўзида жам қилган ўзбек жанг санъати билан шуғулланиш менга катта завқ бағишлайди, – дейди Карина. – Бу спорт тури нафақат жисмонан, балки маънан бақувват бўлишимизни, тарихимизни, маданиятимизни ўргатади. Мазкур спорт тури орқали биз кўплаб чет давлатларда Ватанимиз маданиятини, спортини намойиш этишдек бахтга муяссар бўлаётганимиздан бахтиёрмиз.

Йигит-қизларнинг жисмоний ва маънавий камолотини таъминлаш миллий спортимизда қатъий шаклланган анъаналардандир. Зеро, маънавияти юксак инсонларгина ўзининг жисмоний ва ақлий салоҳиятини эл-юрт тараққиёти, Ватан шуҳратини юксалтириш йўлида сафарбар эта олади. Ўзбек жанг санъати ана шундай эзгу ғояларга хизмат қилмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 706






Все о погоде - Pogoda.uz