ЎзА Ўзбек

09.07.2018 12:00 Чоп этиш версияси

МУНДИАЛ КУНДАЛИГИ: Мезбонлар ҳам “ўйиндан ташқари ҳолатда”

МУНДИАЛ КУНДАЛИГИ: Мезбонлар ҳам “ўйиндан ташқари ҳолатда”

Жаҳон чемпионати тарихидаМуқаддам мезбонлар жамоаси чорак финалга чиқса, албатта ғалаба қозонар ва ярим финалга ўтарди. Сюрпризларга бой Россия Федерацияси жаҳон чемпионати бу борада ҳам кўрсаткичларга ўзгартириш киритди. Лекин битта жиҳати билан анъана давом этди.

Мундиалга чорак финал ўйинлари қайтганидан буён ҳар сафар камида битта учрашув пенальтилар сериясигача етиб борарди. Пенальтилар сериясини бошлаган жамоа эса албатта мағлубиятга учрарди. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Чорак финалнинг иккинчи кунги баҳслари ҳам мухлисларга ажойиб натижалар ҳадя этди. Шведлар “кент”ни забт эта олишмади. Лондонликлар жуда ақилли футбол намойиш этишди. Орадан 28 йил ўтиб, футбол ватани вакиллари мундиалнинг ярим финалига чиқишди. Бунда дарвозабон Жордан Пикфорднинг хизматлари катта бўлди. Питер Шилтондан кейин Туманли Албион жамоаси посбонга ёлчимаётганди. Пикфорд яна бир қаҳрамонлик кўрсатиб, жамоасини финалга олиб чиқса 1966 йилги Гордон Бэнкснинг кўрсаткичини такрорлаган бўларди. Бу эса инглизларнинг қўлидан келадиган иш.

Мундиал мезбонлари ҳақида эса фақат илиқ сўзларни айтиш мумкин. Станислав Черчесов шогирдларини чемпионат арафасида кўпчилик гуруҳдан чиқа олмайди, деб башорат қилганлиги бор гап. Россия терма жамоаси эса нимчоракдан ўтиб, чорак финалда курашни тўхтатди. Шунда ҳам чиройли, сермаҳсул ўйини билан ишқибозларни хурсанд этиб, мағлубиятга учрамасдан мундиални тарк этди. Пенальтилар серияси бу лотерея. Лотереяда эса майдон эгаларига ютуқ чиқмади. Хорватлар омадлироқ чиқиб қолишди. Болқонликлар финалга чиқишга ҳам лойиқ. 

Хуллас, олдинда бизни янада ҳам қизиқарли бўлган тўртта учрашув кутиб турибди. ЖЧ тугашига эса жуда оз қолди...

Чорак финал. 7 июль.

ШВЕЦИЯ - АНГЛИЯ - 0:2. “Самара Арена“ стадиони.

Бош ҳакам: Бёьрн Куйперс (Голландия).

Швеция: Ольсен, Линделеф, Аугустинссон, Крафт (Янссон, 85), Гранквист, Ларссон, Классон, Экдаль, Форсберг (Ольссон, 65), Тойвонен (Гвидетти, 65), Берг.

Англия: Пикфорд, Уокер, Стоунз, Янг, Магуайр, Алли (Делф, 77), Лингард, Стерлинг (Рэшфорд, 90), Хендерсон (Дайер, 85), Триппьер, Кейн.

Голлар: Магуайр (30), Алли (58).

Огоҳлантиришлар: Магуайр (87), Гвидетти (88).

РОССИЯ - ХОРВАТИЯ - 2:2 (Пен.бўй.3:4). Сочи. “Фишт” стадиони. 

Бош ҳакам: Сандро Риччи (Бразилия).

Россия: Игорь Акинфеев, Марио Фернандес, Илья Кутепов, Сергей Игнашевич, Фёдор Кудряшов, Далер Кузяев, Денис Черишев (Смолов, 67), Роман Зобнин, Александр Головин, Александр Самедов (Ерохин, 54), Артём Дзюба (Газинский 79).

Хорватия: Даниэл Субашич, Шиме Врсалько (Чорлука, 97), Деян Ловрен, Домагой Вида, Иван Стринич (Пиварич, 74), Иван Ракитич, Лука Модрич, Анте Ребич, Андрей Крамарич (Ковачич, 88), Иван Перишич (Брозович, 63), Марио Манжукич.

Гол: Черишев (31), Фернандес (115) – Крамарич ( 39), Вида ( 101).

Огоҳлантиришлар: Газинский (109) - Ловрен (35), Стринич (38), Вида (101), Пиварич (114).

Ярим финал. 10 июль. Франция - Бельгия. Соат 23:00

Ярим финал. 11 июль. Хорватия - Англия. Соат 23:00.


ЎзА
7 243