ЎзА Ўзбек

25.06.2018 12:09 Чоп этиш версияси

МУНДИАЛ КУНДАЛИГИ: Форсларга фақат ғалаба керак

МУНДИАЛ КУНДАЛИГИ: Форсларга фақат ғалаба керак
Бизга қизиқарли ҳамда ҳаяжонли учрашувларни тақдим этаётган мундиалнинг бугун 3-тур ўйинларига старт берилади.

Нимчорак финал йўлланмаси учун ҳар бир жамоа жиддий курашишмоқда. Бир неча соатлардан сўнг ана шу босқич иштирокчисига айланган 4 та жамоа номи маълум бўлади. Эслатиб ўтамиз, ҳар бир гуруҳ ўйинлари параллел равишда бошланади. 

“А” гуруҳ.

УРУГВАЙ – РОССИЯ

Жанубий Америка вакиллари мезбонлар учун жиддий рақиб сифатида қаралмоқда. Айтиш керакки, айнан мана шу ўйин Черчецов шогирдларининг кучини белгилаб беради. Учрашувдаги дуранг ҳам уларни ушбу гуруҳ пешқадамига айлантиради. Россияда тўплар нисбати жуда яхши. Ҳар иккала жамоа мағлуб бўладиган бўлса ҳам нимчорак финалга чиқишади. Чунки уларда 6 тадан очко бор. 

photo5296366675597306328.jpg

Дедио Маланг бошқарадиган ўйин “Самара” аренада бўлиб ўтади. Учрашув 19:00дан бошлаб эфирга узатилади.

САУДИЯ АРАБИСТОНИ – МИСР

Ушбу баҳсда иккала жамоа ҳам мухлислар учун ҳаракат қилишади. Боиси улардан олдиндаги иккита терма кейинги босқич йўлланмасини нақд қилиб бўлган. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, жамоалар очиқ ва ҳужумкор ўйин кўрсатишини тахмин қилиш мумкин. “Волгоград арена”да бошланадиган учрашувга Вилмар Ролдан бош ҳакам этиб тайинланган.

“Б” гуруҳ.

ИСПАНИЯ – МАРОКАШ

Маълумки, ушбу ўйинни ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Европаликлар ушбу турда зафар қучадиган бўлса, гуруҳдан 1-ўрин билан чиқади. Аммо бу португаллар кўрсатадиган натижага ҳам боғлиқ. Марокаш эса нимчорак финалдан умидини узган. Мана шу жиҳат испанларни руҳлантириб юбориши мумкин. Африкаликлар олдинги турлардан ҳеч қандай очко олишганича йўқ. Ушбу учрашув, асосан, бир жамоанинг ҳужумлари остида ўтса ҳам ажабланмаймиз. Калининград стадионидаги учрашув 23:00дан эфирга узатилади.

ЭРОН – ПОРТУГАЛИЯ

Шубҳасиз, куннинг энг шиддатли ўйини мана шу баҳсдир. Қитадошларимизда уч очко мавжуд, европаликларда эса тўрт. Ғалабага нимчорак финал қўйилган. Мағлубият термаларни Россиядан қайтариб юборади. Португалларга кейинги босқичга чиқиши учун дуранг ҳам кифоя. Эронга эса фақат ва фақат ғалаба керак. Иккала жамоада ҳам мураббийнинг тактикаси сезилиб туради. Форсларни ўтган учрашувдаги ҳимояланишини инобатга оладиган бўлсак, Сантуш шогирдларига осон кечмаслиги аниқ. Аммо португалларда исталган терма ҳимоя чизиғини янчиб ташлашга қодир ҳужумчи бор. Кимлиги сизга яхши аён. 

photo5296366675597306327.jpg

Учрашувга бош ҳакам сифатида парагвайлик Энрике Касерас “бригада”си тайинланган. Ўйин Саранскдаги “Мордовия арена”да ўтказилади.

ФИФА томонидан тақдим этилаётган эҳтимолий таркиблар:

Эрон: Али Байранванд, Эҳсон Ҳожи Сафи, Муртазо Пураланжи, Рамин Ризоин, Мажид Ҳусайни, Саид Эзатолаҳи, Воҳид Амири, Умид Иброҳими, Карим Ансарифард, Меҳди Тарими, Садор Азмун

Португалия: Руи Патрисию, Пепе, Жозе Фонте, Рафаел Гурейро, Седрик Суарез, Виллиам Карвалё, Жоа Моутинё, Бернанрдо Силва, Жоа Мариу, Гонсало Гедеш, Криштиано Роналдо.

Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА
5 489