Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.07.2018 09:53 Чоп этиш версияси

Мундиал ҳақидаги ўйлар

Мундиал ҳақидаги ўйлар
Жаҳон чемпионати қизиқ турнир. Унда ҳамма нарса бор: комедия, драма, трагедия... у шундай лаҳзаларни ҳадя этадики, яна ана шу онларга дуч келиш учун тўрт йил индамай кутишга рози бўласиз. Афсус чекмайсиз. На чора, илож қанча демайсиз. Шунчаки, кутасиз. Соғинч ила.

Мундиал бошланишидан аввал ғолиб бўлишини тахмин қилаётган жамоаларингиз гуруҳдан ҳам чиқолмайди, сиз буни ҳам қабул қиласиз. Чунки ушбу натижа фожиа эмас. Ҳали олдинда энг яхши ўйинлар кутаётганини сезасиз. Шундай ҳам бўлади.

Сиз ва ўртоқларингиз унинг ўйинидан завқ олиб улғайган футболчиларингиз ва ёхуд заминимиздаги “икки бегона”нинг иккиси ҳам нимчоракда тўқнаш келишига бир бахя қолади-ю, бироқ.. бироқ ундай бўлмайди. Сиз бу ўкинчга ҳам чидайсиз.

Мамлакатингиз шарафини ҳакам сифатида ҳимоя қилаётган ўғлонларни кўрганингизда; шунингдек, ойнайи жаҳонда юрт байроғини кўриб қолганингизда сизда табассум пайдо бўлади. Ана, ана, бурчакроқда! Кўрдингми?! Вой, кўзингни каттароқ оч! Ҳа, ҳа ўша, дейсиз болаликдан бирга ўсган дўстингизга ватан байроғини мундиал ўйинларида кўриб.

Қанийди, дейсиз нима учун ушбу сўзни ишлатганингизни билмай. Ва бироз ўйланиб қўшиб қўясиз: бизнинг йигитлар ҳам жаҳон чемпионатида ўйнаса.

Кутилмаган қарорларга бой бўлган ўйинларда ҳакамларни бўралаб сўкасиз. Бироқ бу сафар камроқ. Чунки энди сиз ВАР тизими ишлатилаётган мундиални кўраётган бўласиз. Энди бўлар-бўлмасга ҳуштак чалинаверади. Барибир зерикмайсиз.

Чемпионат арафасида “икки”нинг “бири” бошқа клубга ўтиб кетади. Тасаввур қилинг, улар ажралишяпти.. Энди сиз ҳам бошқа жамоага мухлислик қилишингиз мумкин. Айтганча, фақат бир футболчига боғланмаган-ку клуб. Тўғрими? Сиз мардсиз. Барибир “қаймоқрангли”ларга мухлислик қилаверасиз. Футболни ҳурмат қилган инсон шундай бўлиши керак.

Бу шундай мусобақаки, унда фақат жамоа бўлиб ҳаракат қилинади. Ҳеч қачон бир ўйинчининг улуши бошқаларникидан ажралиб турмайди. Сизга шу жиҳати ёқади-да ўзи. Ахир тўрт йилдан бери шу кунларни кутасиз-ку!

Мана шундай ҳаёллар билан ўтирган бир паллангизда финал ҳуштаги янграйди ва сиз кутган жамоа чемпион!! Хурсандчилигингизнинг чеки йўқ. Ахир сиз буни қанча йиллардан бери кутасиз! Мана энди бемалол уҳласа ҳам бўлади.

Энди яна бир истагингингиз қолди. Мағлуб бўлавериб жонингизга теккан жамоанинг ана шу мундиал ўйинларида кўриш. Ҳа, бор-йўғи бир марта кўриш!..

Барибир тинч уҳламай олмайсиз...

- Қанийди...

1029613613.jpg

Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА
7 037