ЎзА Ўзбек

06.07.2018 11:07 Чоп этиш версияси

Рекорд натижа ҳамон Эрматовга тегишли

Рекорд натижа ҳамон Эрматовга тегишли
Россияда ўтаётган Жаҳон чемпионати қизғин палласига етиб келди. Гуруҳ ва нимчорак финалдан сўнг термалар бугун чорак финал ўйинларида иштирок этишни бошлашади. Мундиалда рекордчи сифатида иштирок этаётган, бу гал ҳам иккита ўйинда майдонга тушиб, Жаҳон рекордини янада мустаҳкамлаган Равшан Эрматовдан яна майдонга тушишини, рекордини келгусида ҳам биров ета олмайдиган даражада кўпайтириб олишини, ҳаттоки мусобақанинг финал учрашувини ҳам бошқариб, бу борада ҳам ўзбекистонлик мухлисларнинг қувончи-ю ишончини қозонишини кутаётганимиз бор гап эди. Бироқ ФИФА чорак ва бундан кейинги ўйинларни бошқарувчи ҳакамлар рўйхатини эълон қилганида ҳамюртларимиз исм-шарифларининг йўқлигидан ҳайратимиз ошди.

Маълум бўлишича, ЎФА матбуот хизмати ходимларининг Равшан Эрматов билан боғланиб, масалага ойдинлик киритишича, Эрматовнинг кўп йиллик шериги, гуруҳдоши Абдуҳамид Расуловнинг оёғи тиззасидаги жароҳати унинг кейинги ўйинларда майдонга туша олмаслигига сабаб бўлган, бу эса ўзбекистонлик гуруҳ фаолиятини мундиалдаги фаолиятини эрта якунлашга туртки бўлди. 
Равшан Эрматов ва унинг гуруҳи, гарчи мусобақани вақтлироқ якунлашган бўлса-да, рекорд натижа ҳамон ўзбекистонликлар ҳисобида сақланиб қолмоқда. Ҳамюртларимиз ушбу мундиалда Аргентина – Хорватия (0:3) ва Испания – Марокаш (2:2) учрашувларида ишлашганлигига барча гувоҳ бўлди.

ФИФА томонидан тасдиқланган, Россия майдонларида ўтаётган Жаҳон чемпионатининг бундан кейинги босқичларида ишлайдиган ҳакамлар рўйхати қуйидагича кўриниш олди: Алиризо Фағони (Эрон), Наваф Абдулла Шукралла (Баҳрайн), Маланг Дьедиу (Сенегал), Женни Сиказве (Замбия), Марк Гейгер (АҚШ), Жейр Марруфо (АҚШ), Сесар Артуро Рамос (Мексика), Андрес Кунья (Уругвай), Нестор Питана (Аргентина), Сандро Риччи (Бразилия), Мэтью Конжер (Янги Зеландия), Жунайт Чақир (Туркия), Бёьрн Куйперс (Голландия), Антонио Мигель Матеу Лаос (Испания), Милорад Мажич (Сербия), Жанлука Рокки (Италия), Дамир Скомина (Словения).
Мазкур ҳакамлардан саккиз нафари Россияда ўтаётган мундиалнинг учтадан ўйинларини бошқаришга улгуришди. Булар – Алиризо Фағони (Эрон), Маланг Дьедиу (Сенегал), Марк Гейгер (АҚШ), Сесар Артуро Рамос (Мексика), Нестор Питанья (Аргентина), Бёьрн Куйперс (Голландия), Жанлука Рокки (Италия), Дамир Скомина (Словения).
Равшан Эрматов каби иккитадан ўйин бошқарган ҳакамлар - Наваф Абдулла Шукралла (Баҳрайн), Женни Сиказве (Замбия), Андрес Кунья (Уругвай), Сандро Риччи (Бразилия), Жунайт Чақир (Туркия), Антонио Мигель Матеу Лаос (Испания), Милорад Мажич (Сербия), Симон Марчиняк (Польша), Вилмар Ролдан (Колумбия), Энрике Касерес (Парагвай), Клемен Турпен (Франция).
Жаҳон чемпионатида биттадан ўйинни бошқарган ҳакамлар ҳам бор. Булар - Жейр Марруфо (АҚШ), Мэтью Конгер (Янги Зеландия), Гассам Бакари (Гамбия), Жосеп Агуилар (Сальвадор), Муҳаммад Абдулло (БАА), Феликс Брёх (Германия), Геад Гриша (Миср) ва мезбон Сергей Карасев (Россия).
Чорак финал, ярим финал ва финал ўйинларидан сўнг мазкур мундиалда энг кўп ўйинни бошқариш кимга насиб этишини билиб оламиз.

Ойбек Юнусов, ЎзА
7 274