ЎзА Ўзбек

10.06.2019 Чоп этиш версияси

Муҳсин Ҳисомиддинов яна бир бора тенгсизлигини исботлади

Муҳсин Ҳисомиддинов яна бир бора тенгсизлигини исботлади

Бухорода Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган биринчи халқаро турнир якунланди 

Хабар берганимиздек, 8-10 июнь кунлари азим Бухорода кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнир бўлиб ўтди. 

Унда Европа,Осиё ҳамда Африканинг 20га яқин давлатидан жами 135 нафар (шундан 95таси хорижлик) полвон ғолиблик учун гиламга тушишди. Мусобақанинг иккинчи кунида эркаклар ўртасида 73, 81 ҳамда 100 килодан юқори, аёллар орасида эса 63 ва 78 кг.гача бўлган вазн тоифаларида беллашувлар ўтказилди. 

Дастлаб аёллар ўртасида 63 килогача бўлган вазн тоифасида ғолиблар аниқланди. Бу вазндаги курашчи қизлар орасида ҳамюртимиз Шаҳноза Бозорованинг имкониятлари юқори баҳоланаётган эди. Ва якунда шундай бўлди ҳам. Навоий вилояти вакили бўлган Ўзбекистон чемпиони бухородаги нуфузли халқаро турнирда ҳам ўзининг маҳоратини намойиш этди ва бу билан ўзи учун халқаро ареналарга йўл очди. Финалда Бозорова ҳиндистонлик Суҳанобону Шайх устидан соф ғалабага эришди ва 3 минг АҚШ долларини қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида 3-ўринни ҳамюртимиз Зарнигор Одилова ҳамда Хитой Тайпейи вакиласи Чиа Лин Лиулар қўлга киритди. 

Аёллар ўртасида ўтказилган навбатдаги 78 килогача бўлган вазн тоифасида ҳам бош соврин ҳамюртимизга насиб этди. Фарғоналик Покизахон Камолиддинова финалда қозоқ спортчиси Мереке Айалани мағлуб этди. Бу вазнда шоҳсупанинг учинчи поғонасидан яна бир вакилимиз Садоқат Тўраева ҳамда Хитой тайпейилик Чиа Жинг Као жой олди. 

Эркаклар ўртасидаги беллашувлар ўта муросасиз кечди. 73 килогача бўлган вазндаги полвонлар ўртасида ғолибликка даъвогарлар кўпчиликни ташкил этарди. Аммо улар орасида мусобақада Тошкент шаҳри номидан иштирок этган Ўрол Содиқов барчадан яхши жисмоний тайёргарликка эга эканини исботлади. Финалда Ўрол полвонга туркманистонлик Муҳаммад Темиров рақиб бўлди. Муросасиз кечган баҳсда ҳамюртимиз рақиби устидан соф ғалабага эришди. Бу вазн тоифасида 3-ўринга ҳамюртимиз Маъруф Ғайбуллаев ҳамда тожикистонлик Зарафшон Темировлар сазовор бўлди. 

Вазни 81 килогача бўлган полвонлар ўртасидаги беллашувлар ҳам мухлисларда бир олам таассурот қолдирди. Негаки ушбу вазнда ҳам бир-бирига муносиб рақиблар жамланган эди. Аммо улар орасида ҳамюртимиз Сарвар Шомуродовга муносиб рақиб топилмади. Ҳал қилувчи финал баҳсида Сарвар эронлик Омид Тазтакка ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ушбу вазн тоифасида фахрли 3-ўринни Тожикистон вакили Ҳақназар Назаров ҳамда Бухоро фарзанди Мадиёр Эркиновлар қўлга киритди. 

Мухлислар катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутган энг оғир вазндаги полвонлар орасида кечган беллашувларда аввал бошданоқ бош совринга Осиё ва жаҳон чемпиони, Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинлари ғолиби сурхондарёлик Муҳсин Ҳисомиддинов асосий даъвогар эканлиги маълум эди. Унга эронлик Ахан Фароуш жиддий рақобат тақдим этиши кутилаётган бир паллада у ярим финалда Тожикистон вакили Дадахон Қурбоналиевга ютқазиб қўйди. Натижада форс юрти вакили уйига 1000 АҚШ доллари билан қайтадиган бўлди. Иккинчи ярим финал жуфтлигида Муҳсин хоразмлик Болтабой Болтаевдан устун келди. 

Ҳал қилувчи финал беллашувида М.Ҳисомиддиновга кутилмаганда тожик курашчиси жиддий рақобат тақдим этди. Фақат кичик устунлик, яъни рақиби суст ҳаракат қилгани учун берилган танбеҳ баҳоси Муҳсинга мусобақа ғолиблигини тақдим этди. 

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар мос равишда 3000, 2000 ҳамда 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди. 

photo5474338652780866335.jpg

photo5474251160002079460.jpg

photo5474251160002079461.jpg

photo5474251160002079462.jpg

photo5474251160002079465.jpg

photo5474251160002079469.jpg

photo5474562257368230698.jpg


7 180
О.ЭШМАМАТОВ, Т.ИСТАТОВ (сурат), ЎзА